«Хавфсиз ва соғлом юрт». «Заҳри қотил» қутқуси
2025-12-11 20:00:00 / Янгиликлар

Шу азиз Ватанда яшаётган ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила, бутун жамоатчилик гиёҳвандлик балосига қарши курашнинг фаол иштирокчиси бўлиши лозим. Айниқса, ёшлар билан тарғибот ишларини кучайтириш, профилактик чораларни кенгайтириш, аҳолини бундай хатарлардан ҳимоя қилишда юртимиз бўйлаб ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тадбирлари алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ушбу тадбир доирасида жорий йилнинг ноябрь ойида ИИВ, пойтахт ИИББ ва ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамкорлигида 25 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 18 килограмм 692 грамм синтетик ва 4749 дона психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
Ички ишлар органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур тадбир жиноятчилик ва «заҳри қотил» қутқусига қарши қатъий ва биргаликдаги ҳаракатнинг яққол ифодасидир. Пойтахтимизда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасидаги тезкор тадбирлар давом этмоқда.
Сарвар СОБИРОВ, ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.
