Йўл бошида. Тўғри йўл — ўқишда, ўрганишда
2025-12-07 08:15:00 / Янгиликлар

Янгиер шаҳар ИИБ вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектори, капитан Ўролбек Ниёзов эл-юрт осойишталиги йўлидаги хизмат фаолиятини бошлаганига 5 йил бўлди. Айни пайтда шаҳарда истиқомат қилаётган ўн минг нафардан ортиқ вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, улар келгусида комил инсонлар бўлиб етишиши учун астойдил ҳаракат қилмоқда.
У ҳар куни ишни умумтаълим мактабларидан бошлайди. Янгиерда 12 та мактаб бўлиб, уларда 8400 дан ортиқ ўқувчи таҳсил олади. Умумтаълим муассасалари мутасаддилари билан давоматни текширади. Дарс жараёнларига халақит бермасдан жараённи кузатади. Давомат тўғрисидаги маълумотларни олгач, дарсларга мунтазам келмаётган ўқувчиларнинг оилавий аҳволини, муаммоларини ўрганади, уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашади. Бу эса ўз навбатида яхши самара бермоқда.
Лавҳамиз қаҳрамони бахтли оила соҳиби. Турмуш ўртоғи умумтаълим мактабида психолог вазифасида фаолият кўрсатади. Улар икки фарзандни тарбиялашмоқда.
У маҳаллалардаги ёшлар масалалари бўйича етакчилар билан бирга оилавий аҳволи оғир оилаларда бўлиб, уларнинг фарзандлари билан боғлиқ муаммоларни ўрганиб, ёрдам бериш чораларини кўради. Жумладан, соҳил бўйидаги маҳалла хонадонларидан бирида яшовчи 10-синф ўқувчиси бўлган қиз уч кун мактабга бормаган. У ногирон онаси билан ёлғиз яшайди. Олдинги сафар келганида қизни кийим-кечак билан таъминлашда муаммолар борлиги аниқланганди. Капитан маҳалла раиси билан бамаслаҳат ҳомий топди. У бугун ҳомий томонидан туҳфа қилинган кийимларни ўқувчи қизга тақдим этди.
Янгиер чорраҳада жойлашган шаҳар бўлгани туфайли баъзан бу ерга оиласидан чиқиб кетган вояга етмаганлар ҳам келиб қолади. Бундай болалар шаҳардаги истироҳат боғида, деҳқон бозорида, соҳил бўйидаги хиёбонларда мақсадсиз юргани тўғрисида хабар келиб тушиши биланоқ Ўролбек Ниёзов ўша ерга йўл олади.
- Яқинда уйдагиларни огоҳлантирмасдан йўлга чиқиб, шаҳримизга келиб қолган фарғоналик 14 ёшли болани ўз уйига қайтардик, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Суҳбат жараёнида у мустақил яшай олишини уйдагиларига исботламоқчи бўлганини айтди. Болани Гулистон шаҳридаги Вояга етмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказига жойлаштирдик. Орадан икки кун ўтгач, уни ота-онаси олиб кетди. Қўнғироқ қилиб, менга миннатдорлик билдиришди.
Афсуски, янгиерлик ўсмирлар орасидан ҳам мана шундай тарзда уйидан чиқиб кетиш ҳолатлари учраб туради. Яқинда мактабнинг 10-синф ўқувчиси бўлган ўсмир йигит Тошкент шаҳрига қочиб кетади. Суриштирувлар натижасида у Қибрайдаги автомобилларни ювиш шохобчасида ишлаётгани аниқланди. Уч кун ўтмасдан Ўроль Ниёзов ўсмирни ўша ердан топди ва ота-онаси қўлига соғ-омон топширди.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ, ўз мухбиримиз.
Сирдарё вилояти.
