Асосий контентга ўтиш

ИИВ Малака ошириш институтининг Олмалиқ шаҳридаги ўқув базасида Касбий тайёргарлик факультети тингловчиларининг навбатдаги ўқув курслари бўлиб ўтмоқда

2024-05-02 19:10:00 / Янгиликлар

Ҳозирги глобаллашув ва бозор иқтисодиёти шароитида юксак салоҳиятли, билимли, масъулиятли кадрларни етиштириш, касбий билим ва кўникмаларни бериш долзарб масалага айланган. Бу борада билан Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти Касбий тайёргарлик факультети вазирлик соҳавий хизматлари билан ҳамкорликда тизимли ишларни йўлга қўйган. Айни кунларда Институтнинг Олмалиқ шаҳридаги ўқув базасида Касбий тайёргарлик факультети тингловчиларининг навбатдаги ўқув курслари бўлиб ўтмоқда. Ўқув базасида тингловчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Бугунги кунда институтда «Йўл-патруль фаолияти», «Патруль-пост хизмати фаолияти», «Паспорт тизимини таъминлаш фаолияти», «Махсус операцияларни амалга ошириш фаолияти», «Жазони ижро этиш фаолияти» йўналишларида махсус беш ойлик дастур асосида белгиланган қабул квотаси бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Ўқув машғулотлари вазирлик соҳавий хизматлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида ташкил этилди. Назарий ва амалий машғулотлар Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ва соҳавий хизматларнинг тажрибали амалиёт ходимлари томонидан нафақат анъанавий усулларда, балки замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда интерфаол усулларни қўллаган ҳолда давра суҳбати, баҳс, мунозара, семинар-тренинг, амалий машғулот шаклларида олиб бориляпти.

Ўқиш давомида тингловчиларнинг касбий, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, жанговар, жисмоний, саф, руҳий, тиббий тайёргарлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Машғулотлар бошланганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлсада малакали устозлар кўмагида тингловчилар юқори натижаларни қўлга киритиб келаётганилиги қувонарлидир. Хусусан, ўқув машғулотларини аълога ўзлаштирган, турли танловларда, мусобақаларда муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаган тингловчилар борлиги институтнинг ҳам фахридир.

Жумладан, жорий йилнинг 21-26 апрель кунлари Андижон шаҳрида спортнинг «Эркин кураш» тури бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубогида ИИВ Малака ошириш институти Касбий тайёргарлик факультети тингловчилари сафдор Аббосжон Йўлдошев 74 кг вазн тоифасида ҳамда сафдор Мироншоҳ Ражабов +125 кг вазн тоифасида иштирок этиб кумуш медалларни қўлга киритди.

Ўқув машғулотларида институтнинг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан тингловчиларнинг касбий — ҳуқуқий билимларини юксалтириш мақсадида соҳага оид меъёрий ҳужжат талабларини ўрганиш ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва келгусида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тингловчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқлари, келажакда масъулиятли ва халқпарвар ички ишлар органлари ходимлари бўлиб етишиш йўлидаги интилишлари назарий ва амалий машғулотлар жараёнида яққол намоён бўлмоқда. Келажакда ушбу тингловчилар юксак маҳоратли кадрлар бўлиб етишиб, юртимиз ривожи учун чин дилдан хизмат қилишларига ишонамиз.

ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати

400

Охирги янгиланиш: 2024-05-02 21:20:29

ИИВ Малака ошириш институтининг Олмалиқ шаҳридаги ўқув базасида Касбий тайёргарлик факультети тингловчиларининг навбатдаги ўқув курслари бўлиб ўтмоқда