Тошкент вилоятида ёшлар ўртасида волейбол бўйича “ИИББ бошлиғи кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди
2025-12-05 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 июлдаги “Волейбол спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек ёшлар ўртасида жамоавий спорт турларини кенг тарғиб этиш мақсадида мактаб ўқувчилари ўртасида Тошкент вилояти “Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи кубоги” мусобақаси ўтказилди.
Вилоятдаги 877 та мактаб ўқувчилари иштирок этган саралаш босқичи юқори савияда ташкил этилиб, туман ва шаҳар босқичлари якунига етказилди. 22 та ҳудуддан сараланган жамоалар ўртасидаги вилоят босқичида беллашувлар янада шиддатли тус олди.
Унда ёшлар ўз мактаби, маҳалласи ва тумани шаъни учун бор куч ва маҳоратини намоён қилди. Тадбир волейбол спортини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ҳамда терма жамоалар учун муносиб номзодларни шаффоф танлаб олишга хизмат қилди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра: Қизлар ўртасида – 1-ўрин Қуйи Чирчиқ тумани, 2-ўрин Янгийўл тумани, 3-ўрин Чирчиқ шаҳри; Ўғил болалар ўртасида – 1-ўрин Олмалиқ шаҳри, 2-ўрин Пискент тумани, 3-ўрин Зангиота тумани жамоалари қўлга киритди.
Ғолиб жамоаларга эсдалик совғалари, диплом ва кубоклар Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков томонидан топширилди.
Биринчи ўринни қўлга киритган жамоалар эса эндиликда республика миқёсидаги Ички ишлар вазири кубогида Тошкент вилояти шаънини ҳимоя қилади.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати







