Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида, Ички ишлар вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти раҳбарияти томонидан фуқаролар қабули ўтказилди
2025-12-05 09:00:00 / Янгиликлар

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, аҳоли розилигига эришиш ва жамиятда очиқликни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 3 декабрь куни Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Садоқат” боғи маънавият марказида жазони ижро этиш тизимига оид масалалар бўйича кенг қамровли сайёр қабул ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 17-бошқармаси, Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ҳамда Жазони ижро этиш департаменти раҳбарияти иштирок этиб, фуқароларнинг мурожаатларини шахсан тинглади.
Сайёр қабул юқори даражада ташкил этилди. Қишки мавсум шароити инобатга олиниб, бино ичида иссиқ ичимлик суви, тиббий ёрдам гуруҳи, шунингдек, навбатда турган фуқаролар вақтини мазмунли ўтказиши учун замонавий кутубхона фаолияти ташкил қилинди.
Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл ҳаракати хавфсизлиги ва профилактика инспекторлари ҳам жалб этилди. Бундай шароитлар мурожаат билан келган ҳар бир шахсга ҳурмат ва эътибор билан ёндашиш йўлида муҳим омил бўлди.
Тадбир давомида жами 120 нафар фуқаро ташриф буюрди, улардан 85 нафари Жазони ижро этиш департаменти раҳбариятига ўз мурожаатларини тақдим этди.
Мурожаатлар мазмун жиҳатдан турлича бўлиб, асосан маҳкумларни яшаш манзилига яқин муассасаларга ўтказиш, жазони енгилроғига алмаштириш, уларнинг соғлиғига доир муаммолар ва афв этиш каби масалаларни қамраб олди.
Энг муҳими, мурожаатларнинг 30 фоизи тезкор тарзда жойида ҳал этилди. Фуқаролар ўзларини қийнаётган масалалар бўйича аниқ, ҳуқуқий асосланган жавоб олдилар.
Қолган 70 фоиз мурожаат эса комплекс ўрганиш ва соҳавий идоралар билан ҳамкорликда чоралар кўрилишини талаб этиши туфайли назоратга олинди.
Уларни ҳал этиш бўйича масъул раҳбарларга аниқ вазифалар юклатилди.
Ушбу сайёр қабулда инсон манфаатлари устувор бўлиб, фуқароларнинг муаммолари ва дард-у ташвишларини бевосита эшитишга қаратилган муҳим амалий қадам бўлди.
ИИВ Жазони ижро этиш департаменти Ахборот хизмати








