Наманган вилояти куз–қиш штабининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди
2025-12-05 09:00:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят ИИБ бошлиғи ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари томонидан куз–қиш штабининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.
Вилоят ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бошқармасида жойлашган штабда соҳага дахлдор ташкилотлар раҳбарлари қатнашган йиғилишда шаҳар ва туманларда қиш мавсумининг бориши атрофлича муҳокама қилинди.
Вилоят раҳбари аввало ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли турар-жойларни барқарор иссиқлик билан таъминлаш, аҳолига газ ва кўмир маҳсулотларини ўз вақтида ҳамда тартибли етказиб бериш, шунингдек, коммунал хизматлар фаолиятини кучайтириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Шу билан бирга, об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, экологик барқарорликни таъминлаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Хусусан, атмосферадаги чангни камайтириш мақсадида махсус сув сепувчи техникалар ёрдамида дарахтлар, пиёдалар йўлаклари ва йўл бўйларини мунтазам ювиб бориш, чиқиндиларни ўз вақтида ташиб кетиш, яшил ҳудудлар ҳолатини яхшилаш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
Шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда коммунал соҳа раҳбарларининг ҳудудлардаги мавжуд вазият юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Эслатиб ўтамиз, фуқаролар қиш мавсумига оид масалалар бўйича штабга 1056 қисқа рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати






