Фахрийлар – фахримиз. Олтинга тенг қийматлар
2024-05-02 12:00:00 / Янгиликлар

Ғайратли кишилар доим хайрли ташаббусларга бош-қош бўлишади. Бундай одамлар фидойилиги билан ён-атрофидаги кишиларга, айниқса, ёшларга ўрнак кўрсатади. Ана шундай шижоатли фахрийларимиздан бири — истеъфодаги майор Абдуҳалим Абдухалилов.
Лавҳамиз қаҳрамони кўп йиллар давомида ички Ишлар органларида турли масъулиятли вазифаларда, раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган. Суриштирувчиликдан тортиб жиноят қидирув йўналишида, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматида фаолият юритган.
Абдуҳалим Абдухалилов пенсияга чиққанидан кейин ҳам шижоатини йўқотмади. Ўзи яшаётган маҳалланинг жамоат ишларида ҳам, ички ишлар органларининг маънавий-маърифий тадбирларида ҳам фаоллик кўрсатди. Мана, 6 йилдирки, Термиз шаҳар ИИБ Фахрийлар кенгашининг раиси сифатида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Унинг саъй-ҳаракати ҳамда кенгашнинг 9 нафар аъзоси кўмагида Миллий гвардия вилоят бошқармаси билан ҳамкорлик ўрнатилиб, шаҳар ички ишлар органлари ходимларининг 50-60 нафар фарзандлари «Чавандозлар мактаби» тўгарагига бепул қатнашмоқда. Худди шундай, Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик натижасида сузиш, милтиқдан ўқ отиш, биатлон каби тўгаракларда ҳам болалар шуғулланиши учун имконият яратилди.
Айниқса, Фахрийлар кенгаши ташаббуси билан турли хотира турнирлари, марафонларнинг уюштирилаётгани барчани мамнун қилмоқда. Санъат саройи ҳудудидаги боғда ташкил этилган «Соғломлаштириш йўлаги»да Абдуҳалим Абдухалилов бошчилигидаги фахрийлар, кексалар ҳар куни эрта тонгда бадантарбия машғулотлари билан шуғулланиши эса янада кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Дарвоқе, А.Абдухалиловнинг ўзи ҳам мусобақаларда фаол иштирок этиб келади ва бир неча маротаба ғолибликни қўлга киритган.
— Термиз шаҳрида 1405 нафар фахрий яшайди, — дейди истеъфодаги майор Абдуҳалим Абдухалилов. Уларнинг 12 нафари Афғонистонда бўлиб ўтган жангларда, 2 нафари эса Чернобил фожиаси оқибатларини бартараф этишда қатнашган. Яна 136 нафари боқувчисини йўқотган бўлса, 12 нафари бетоблиги туфайли ётиб қолган. Кенгаш аъзолари билан биргаликда мунтазам равишда уларнинг ҳолидан хабар оламиз, керак бўлса, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз. Уларнинг кўнгли тоғдек кўтарилади. Ахир, бу дунёда биздан фақат яхшилик қолади.
Уч қиз, икки ўғилни жамиятга фойда келтирадиган инсонлар сифатида улғайтирган лавҳамиз қаҳрамони бугунги кунда 15 нафар набира ва 4 нафар чевара билан бирга кексалик гаштини сурмоқда. Ишдан чиқиб, набираларнинг таҳсил олишию спорт билан шуғулланишига эътибор қаратади. Уларни доим фойдали машғулот билан банд бўлишга ундайди.
Феруза Раҳмонқулова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Сурхондарё вилояти