Андижон томонларда. Кибергигиена — замонавий эҳтиёж
2025-12-01 08:00:00 / Янгиликлар

Ғайрат Султонов телефон рақамига келган хабарномадан сергак тортди. Унда «Шу расмлар сизга тегишли экан», деган сатр ёзилган эди. «Менинг суратим бошқалар қўлида нима қиляпти?» деб ўйлади ва файлни очди. Бироқ экранда ҳеч қандай сурат пайдо бўлмади. «Демак, англашилмовчилик бўлибди», деб ўз ишини давом эттирди. Аммо бироздан сўнг пластик картасидаги пуллар ечиб олинганини билиб қолди. Ана шундагина у — бу оддий хабарнома эмас, фирибгарларнинг найранги эканини тушунди.
- 2025 йилнинг 9 ойи давомида Андижон вилоятида 6709 та жиноят қайд этилган бўлса, шуларнинг 2684 таси, яъни қарийб 40 фоизи ахборот технологиялари соҳасида содир этилган жиноятлардир, — дейди вилоят ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходими, катта лейтенант Шамсиддин Шарифжонов. — Ушбу жиноятларнинг 923 таси фирибгарлик, 1665 таси эса ўғрилик билан боғлиқ ҳолатлардир. Бу вилоятдаги жами фирибгарлик жиноятларининг 78,2 фоизи ва жами ўғриликнинг 68,5 фоизи айнан кибержиноятлар ҳисобига тўғри келмоқда. Жорий йилнинг 10 ойи давомида ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан 2,3 баробарга кўпайган. Энг эътиборлиси, уларнинг 96,4 фоизини айнан банк карталари билан боғлиқ ҳолатлар ташкил этади.
Фирибгарлар кўпинча пластик карта эгаларига «тўловни амалга ошириш», «ютуқни олиш», «расмни кўриш» каби баҳоналар билан СМС-хабарнома ёки мессенжер орқали код юборишни сўрайди. Аслида эса бу кодлар орқали шахсий ва банк маълумотларига эга бўлиб, картадаги маблағларни ўзлаштиришади.
