Андижон томонларда. Ҳуқуқ-тартибот посбонлари
2025-11-29 23:00:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда Шаҳрихон туманида жиноятчиликка қарши курашишда, унинг оқибатларига эмас, балки сабаб ва шарт-шароитларига қарши курашиш амалиёти жорий этилди. Бу усул нафақат жиноятлар сонини камайтириш, балки одамлар онгида жавобгарлик ва хавфсизлик ҳиссини кучайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Шу боис йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида туманда талончилик, босқинчилик, автомашина ўғирлаш каби оғир турдаги жиноятлар содир этилмади. Бу натижа ортида ички ишлар органлари, маҳалла фаоллари ва аҳоли ҳамкорлигида йўлга қўйилган кенг қамровли ишлар, доимий назорат ва таҳлил тизими турибди.
Бу каби ижобий натижаларни ҳудудларда ҳам кузатиш мумкин. Масалан, мавжуд 79 та маҳалланинг 20 тасида жиноятлар сони сезиларли даражада камайган бўлса, 54 та маҳаллада умуман жиноят содир этилмади. Бу эса ҳар бир фуқаронинг огоҳлиги, ҳамжиҳатлик муҳитининг шаклланганидан далолат беради.
Бироқ бу билан кўнгил таскин топмаслиги керак. Шунинг учун жиноятчилик даражаси юқори бўлган «Андижонлик», «Баркамол авлод», «Намозгоҳ», «Оқ олтин» ва «Сарой» маҳаллаларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди. Унда профилактик рейдлар, манзилли учрашувлар, ёшлар билан суҳбатлар ва жамоатчилик назоратини кучайтириш каби чора-тадбирлар қамраб олинган.
Асосий вазифамиз жиноятга олиб келадиган омиллар илдизини аниқлаб, уларни бартараф этиш, — дейди туман ИИБ бошлиғи, подполковник Сардор Арзиев. — Шу мақсадда ҳар бир маҳаллада «Хавфсиз ҳудуд» тамойили асосида иш юритиляпти. Ишончимиз комилки, профилактиканинг таъсири жазодан кўра самаралироқ бўлади.
Бу жараёнда замонавий таҳдидлардан бири — кибержиноятчиликка қарши курашиш масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Интернет имкониятларининг кенгайиши билан бир қаторда, фирибгарлик усуллари ҳам мураккаблашмоқда.
Туманда қайд этилган кибержиноятларнинг 65 фоизида номаълум шахслар фуқароларнинг банк карталаридан пул ечиб олган. Қолган 35 фоизида эса одамлар интернет орқали онлайн савдо жараёнида маблағни олдиндан ўтказиб бериб, фирибгарларга ишонган ҳолда зарар кўришган.
Бу ҳолатлар аҳоли орасида киберхавфсизлик маданияти етарлича шаклланмаганини англатади. Шу боис туман ИИБ шахсий таркиби томонидан фуқаролар учун «Кибержиноятлардан эҳтиёт бўлинг!», «Номаълум ҳаволаларни очманг!» каби мавзуларда тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.
Ҳудудда хавфсиз муҳит яратиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам бурчи эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Жиноятларнинг барвақт олдини олиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маҳаллаларда ижтимоий ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш бугунги тинчлик ва эртанги барқарорликнинг гаровидир.
©️ “Postda” газетаси
