Наманган вилоятида Марказий Осиё Волейбол Ассоциациясига (CAVA) аъзо давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ўртасида «Буюк Ипак йўли» халқаро мусобақасининг финал босқичи бўлиб ўтди
2025-11-29 09:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 22–28 ноябрь кунлари Янги Наманган туманидаги «Паҳлавон» спорт мажмуаси Марказий Осиё минтақасидаги энг нуфузли волейбол турнирларидан бири — CAVA Army and Police Volleyball Championship, яъни «Буюк Ипак йўли» халқаро мусобақасига мезбонлик қилди.
Унда CАВАга аъзо давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларидан сараланган терма жамоалар иштирок этди.
Мусобақа давомида жамоалар ўртасидаги баҳслар юқори савияда, муросасиз ва ниҳоятда қизғин руҳда ўтди. Финал босқичи эса турнирнинг том маънодаги якуний чўққиси бўлди.
Финал натижаларига кўра:
1-ўрин — Давлат хавфсизлик хизматининг «Матонат» терма жамоаси;
2-ўрин — Ички ишлар вазирлигининг «Ҳумо» терма жамоаси;
3-ўрин — Миллий гвардиянинг «Гвардия» терма жамоаси;
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар тантанали равишда тақдирланиб, уларга кубок, дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Турнир нафақат спортдаги рақобат, балки минтақа давлатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати







