ИИВ ташаббуси билан «Китобхонлик ҳафталиги»доирасида Республика болалар кутубхонасида шеърият кечаси ташкил этилди
2024-04-30 15:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлигида ўтказилаётган «Китобхонлик ҳафталиги-2024» доирасида жорий йилнинг 26 апрель куни вазирлик Ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари иштирокида Республика болалар кутубхонасида шеърият кечаси ташкил этилди.
Тадбирни ИИВ Ахборот-ресурс маркази бошлиғи, подполковник Н.Муллажонова кириш сўзи билан очиб берди ҳамда иштирокчиларни китобхонлик ҳафталигининг моҳияти ва аҳамияти, бу борада республикамиз ахборот-кутубхона марказларида бўлиб ўтаётган тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Тадбирга меҳмон сифатида таклиф этилган ижодкорлар – таниқли болалар шоири Халқаро «Олтин қалам» мукофоти соҳиби Дилшод Ражаб ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, «Дўстлик» орден соҳиби истеъфодаги полковник Зикрилла Неъмат йиғилганларга Ватан, она, муҳаббатни мадҳ этувчи ўз ижод намуналаридан ўқиб бердилар.
Тадбир қизғин мулоқот тарзида ўтиб, иштирокчи ўқувчилар уйларида шахсий кутубхоналари ва унда қанча китоблар борлиги ҳақида гапириб беришди. Ўқиган эртаклари асосида викторина савол-жавоблари ўтказилди. «Топган-топалоқ» шартида болажонлар берилган топишмоқларга жавоб беришди ҳамда ёд олган шеърларидан ўқиб беришди.
Тадбир сўнггида иштирокчи ўқувчиларнинг синф кутубхонасига муаллифлар номидан китоблар совға қилинди.
Шунингдек, Республика болалар кутубхонаси мутахассислари болажонларга бу ерда мавжуд шароитлар ва имкониятлар ҳақида гапириб бериб, мунтазам мана шундай тадбирларни ташкил этишда ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирдилар.





