Аёл ва жамият. «Мен кучли аёлман!» — катта йўлда
2024-04-30 12:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда, хусусан, пойтахтимизда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳар бир аёлга иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатиб келинмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ ташаббуси билан пойтахт ҳудудида яшовчи хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, муаммоларини ҳал этиш ҳамда қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Мен кучли аёлман!» лойиҳаси асосида тадбирлар ўтказилаётгани фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Ўтган йилда уч босқичда бўлиб ўтган лойиҳанинг бу йилги тўртинчи босқичига ҳам старт берилди, — дейди Тошкент шаҳар ИИББ ҲПБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Ширин Норматова. — Бунда ички ишлар органлари ҳисобида турувчи 17 ёшдан 55 ёшгача бўлган тазйиқ ва зўравонликка учраган, ишсиз, профилактик ҳисобда турувчи, муқаддам судланган ва ногирон хотин-қизлар танлаб олинган.
Уларнинг касбга қизиқишини ошириш мақсадида пойтахт ҳудудидаги завод, фабрика ва корхоналарга экскурсия уюштирилмоқда.
Лойиҳанинг ҳар бир иштирокчиси қизиқишидан келиб чиқиб, «Устоз — шогирд» анъанаси асосида туманлар кесимида моно-марказ модераторларига бириктирилмоқда.
«Соғлом бўлай десанг, спорт билан шуғуллан» шиори остида спорт тадбирлари ва тўгаракларга хотин-қизларнинг фарзандлари ҳам жалб қилиниб, қизиқишларига кўра спорт машғулотларига бепул қатнашиш-лари учун йўлланмалар берилмоқда.
Шунингдек, тарихий обидалар ва музейларга саёҳатлар уюштирилиб, уларнинг маънавий ва маърифий дунёқараши янада оширилмоқда.
Бунга анча йил бўлди, — дейди лойиҳа иштирокчиси М.Мусаева. Маълум бир сабаб билан кўзимга шикаст етиб, хиралашиб қолди.
Кейин йиллар ўтиб, учинчи фарзандимни дунёга келтираётиб, ундан жудо бўлдим, кўзим эса бутунлай кўр май қолди.
Ҳаёт давом этаркан, рўзғор тебратиш керак. Мен ҳам турмуш ўртоғимга ёрдам бериш учун овқат қилиб, бозорга олиб бориб сотардим.
Бу орада ўртамизда тушунмовчилик юзага келиб, алоҳида яшашга мажбур бўлдим. Беш йил бировнинг дўконида умр кечирдим.
Давлатимизнинг ғамхўрлиги туфайли менга уй берилди, бунинг учун Президентимиздан миннатдорман.
Ушбу лойиҳа менинг ҳаётга бўлган қизиқишимни янада оширмоқда. Келгусида ҳунар ўрганиб, ўзимнинг севган машғулотим билан шуғулланиш ниятидаман.
Хотин-қизларнинг ўзини ҳимоя қилиш техникаси бўйича машғулотлар ташкил этиш, соғлиғини тиклаш ва тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири.
Унда иштирок этаётган хотин-қизларнинг кўпчилиги руҳий босимдан азият чеккан. Шунинг учун ҳам асосий эътибор психологик тренингларга қаратилмоқда.
Касбий тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, хотин-қизларимизнинг аксариятида ҳиссий-эмоционал ёпиқлик бор, — дейди психолог Малоҳат Полвонова. — Ишонаманки, олиб борилган суҳбатлар ва тренинглар давомида уларнинг руҳий аҳволи ҳамда оилавий муҳитида ижобий ўзгаришлар рўй беради.
«Мен кучли аёлман!» лойиҳаси жамиятда ўз ўрнини топиш учун ҳаракат қилаётган хотин-қизларга кўмак бўлиш мақсадида катта йўлга чиққан ва натижалар ҳам кўзга ташланмоқда.
Ишонамизки, бу хайрли амал келгусида ҳам ўзининг ижобий томонлари билан бўй кўрсатади.
©️ «Postda» газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.
