Йўл интизомни ёқтиради. Уйчи ўзгарди, навбат бошқаларга
2025-11-28 07:50:00 / Янгиликлар

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар инсоннинг хавфсиз ҳаёти учун хизмат қилади. Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ташаббуси билан Уйчи туманида ўтказилган ўқув-амалий семинар айнан шу масъулиятни чуқурроқ англашга, тажрибаларни баҳам кўришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Семинарда шаҳар ва туман ИИБ бошлиқлари, ЙҲХБ катта инспекторлари иштирок этиб, йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан тақдимотни тинглашди. Бу жараён мавжуд муаммоларни англаш, ечимларни излаш ва соҳада тўпланган тажрибани такомиллаштириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Амалий қисмда иштирокчилар Д-109 «Наманган-Уйчи-Учқўрғон» автомобиль йўлининг 12-13-километр оралиғига ташриф буюришди. Бу ерда сўнгги йилларда қилинган ўзгаришлар яққол кўзга ташланади. Пиёдалар учун қулай йўлаклар, қавариқ ўтиш жойлари, замонавий светофорлар ва йўл белгилари, радар-камера қурилмаларининг ўрнатилгани — буларнинг барчаси бир мақсад, яъни ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш йўлида амалга оширилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, йўлни таъмирлаш ёки янги белгилар қўйиш хавфсизликнинг фақат бир қисми, яъни ишнинг ярми, холос. Қолган ярми эса ҳайдовчининг ҳушёрлиги, пиёданинг эҳтиёткорлиги ва умумий маданиятда намоён бўлади. Уйчи тажрибасида айнан мана шу икки йўл — техник шароитни яхшилаш ва одамлар онгини ўзгартириш ҳамоҳангликда олиб борилаётгани сезилади.
Семинар давомида иштирокчилар ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди, мавжуд тизимни янада самарали қилиш бўйича фикр алмашилди. Якунда барча туман ва шаҳарлар учун махсус қўлланмалар тарқатилди.
Тажрибани вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш бўйича келишиб олинди. Бу эса ўтказилган тадбирнинг амалий натижаси сифатида баҳоланди.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ, ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
