Сурхондарё вилоятида Ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши курашга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди
2025-11-28 07:00:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда жамият ривожининг асосий устуни бўлган ёш авлодни зарарли одатлардан асраш, уларнинг соғлом ва баркамол инсон бўлиб камол топишини таъминлаш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда, “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 207-сон Фармони ижросини таъминлаш доирасида Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг 20-ноябридан 20-декабрига қадар “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири амалга оширилмоқда.
Ушбу тадбирнинг учинчи босқичи доирасида Термиз давлат университетида талабалар ўртасида “Биз ёшлар гиёҳвандликка қаршимиз” шиори остида тарғибот ишлари ўтказилди.
Тадбир давомида мутасадди ташкилотлар ходимлари иштирокчиларига гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги ва келажагига етказадиган холис ва қайтариб бўлмас зарарлари ҳақида батафсил маълумот беришди. Шунингдек, наркожиноятлар оқибатлари, уларнинг ҳуқуқий жавобгарлик тарафлари, бундай иллатларга қарши курашишда ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки муҳим экани таъкидланди.
Талабалар билан очиқ мулоқот ва савол-жавоблар ташкил этилиб, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, бўш вақтни мазмунли ўтказишга қаратилган таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Тадбир иштирокчилари бундай ташаббуслар ёшларнинг онги ва дунёқарашини тўғри шакллантиришда, уларни зарарли омиллар таъсиридан ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, келгусида ҳам бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилишини билдирди.
Ўтказилган тарғибот тадбири нафақат талабаларнинг ҳуқуқий билимларини янада оширишга, балки уларни гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши муросасиз муносабатда бўлишга ундади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати






