Пробация хизмати. Аввало ўзимизга боғлиқ
2025-11-23 23:10:00 / Янгиликлар

Жиноятларнинг келиб чиқишига турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар, шу жумладан, теварак-атрофдаги носоғлом муҳит омил бўлиши мумкин. Биринчи маротаба жиноятга қўл урганлар орасида ўз хатти-ҳаракатининг оқибатини англаб етмаган шахслар ҳам учрайди.
Жорий йил бошида билиб-билмай жиноятга қўл урган 62 нафар фуқаро Қонликўл тумани ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи ҳисобига олинган эди. Ўтган вақт мобайнида олиб борилган ишлар натижасида уларнинг 15 нафари ўз хатосини англаб, қатъий тузалиш йўлига ўтгани учун муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Пробация гуруҳи ходимлари томонидан маҳкумларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 10 маротаба меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Натижада пробация ҳисобида турганларнинг 21 нафари доимий ишга жойлаштирилган.
Мисол учун, У.А илгари ўғрилик жиноятини содир этгани сабабли озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган эди. Кейинчалик ушбу жазонинг ўталмай қолган қисми ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди. Ўтказилган меҳнат ярмаркаси давомида у «Айназар Алекенов» МЧЖ га доимий ишга жойлаштирилган.
Шунингдек, пробация ҳисобида турувчи шахслар билан ўтказилган суҳбатлар давомида уларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Маҳкума Т.Т. мулоқот чоғида чорвачилик фаолияти билан шуғулланиш истаги борлигини маълум қилади. Унга бизнес-режа тузишга ёрдам берилиб, бунинг натижасида банкдан 11 миллион сўмлик субсидия олиб берилди. У шу тариқа доимий даромад манбаига эга бўлди.
- Пробация гуруҳи ҳисобидагиларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини аниқлаш ва бартараф қилиш, соғлиғини тиклаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш борасида тизимли ишлар олиб боряпмиз. Энг асосийси, уларга жамият учун фойдали меҳнат қилиш афзалликларини тушунтиряпмиз, — дейди Қонликўл тумани ЖХХ Пробация гуруҳи инспектори, майор Уласбек Сейтбеков.
Дарҳақиқат, киши ҳаёти давомида турли-туман синовларга дуч келади. Албатта, бундай ҳолатларда унга тўғри йўл кўрсатиш, фойдали маслаҳат бериш, панду насиҳат қилиш ва кўмаклашиш керак. Лекин бундан тегишли хулоса чиқариш, авваламбор, инсоннинг ўзига боғлиқ.
Азамат ПИРНИЯЗОВ, ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси.
