Наманган вилоятида «CAVA Army and Police Volleyball Championship» мусобақасига старт берилди
2025-11-23 10:05:00 / Янгиликлар

Янги Наманган туманидаги замонавий «Паҳлавон» спорт мажмуасида Марказий Осиё минтақасининг энг нуфузли волейбол турнирларидан бири — «Буюк Ипак йўли» «CAVA Army and Police Volleyball Championship» мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда фахрий меҳмонлар иштирок этдилар.
Мазкур халқаро мусобақада "CAVA" — Марказий Осиё волейбол ассоциациясига аъзо давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари таркибидаги энг кучли волейбол жамоалари иштирок этмоқда.
Мусобақада Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари вакилларидан иборат жамоалар ўз маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва мусобақавий руҳини намойиш этмоқда.
Жами 10 та профессионал жамоа юқори даражада ташкил этилган майдонда ғалаба учун кураш олиб бормоқда. Турнир давомида юқори темпдаги учрашувлар, муросасиз беллашувлар ва жарангдор ўйинлар томошабинларга ёрқин таассуротлар улашмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









