Учинчи Ренессанс. Юксак парвозлар пойдевори
2025-11-20 23:00:00 / Янгиликлар

Таълим муассасамизнинг битирувчилари юқори натижаларга эришиб, республикамизнинг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинаётгани, аввало, таълим жараёнида фидокорона меҳнат қилаётган малакали ўқитувчи ва тарбиячиларимиз меҳнатининг самарасидир, — дейди лицей директори, полковник Шерали Тураев. — Шу мақсадда таълим сифатини юксалтириш, замонавий таълим технологияларини жорий этиш, ўқувчиларда мустақил фикрлаш ва фуқаролик масъулиятини шакллантиришга қаратилган изчил ишлар олиб борилмоқда. Натижада ҳар бир битирувчи келажакка ишонч билан қадам қўймоқда.
Ана шундай фидойи ва меҳнаткаш устозлардан Фахриддин Қодиров, Марҳабо Исаева, Асилбек Абдумуталлипов, Мунира Эркаева, Азиза Нуритдинова, Зилола Ҳакимжонова ҳамда Юрий Лиларни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Уларнинг саъй-ҳаракати туфайли 2024/2025-ўқув йили якуни бўйича битирувчиларимизнинг қарийб 87 фоизи ИИВ Академияси ҳамда балки бошқа нуфузли олий таълим муассасаларига қабул қилинди.
Жорий йилнинг ўзида таълим муассасамизнинг ўқитувчи ва ўқувчиларидан иборат 49 нафар спортчимиз турли беллашувларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Улардан 18 нафари Ўзбекистон чемпиони, 8 нафари Осиё миқёсидаги мусобақалар ғолиби, 12 нафари халқаро турнирлар совриндорлигини қўлга киритишди. Энг қувонарлиси, 6 нафар спортчимиз Жаҳон чемпиони ва Жаҳон кубоги соҳиблари бўлишди.
Лицейнинг замонавий ахборот ресурслари ва бебаҳо адабий хазинага бой бўлган кутубхонаси таълим муассасаси ҳаётида муҳим маънавий марказ сифатида хизмат қилиб келмоқда.
Асилбек Рўзмаҳамматов, Севинч Искандарова ва Дилшод Жуманазаров каби китобсевар ўқувчилар кутубхонага энг кўп ташриф буюрувчи фаол китобхонлардан. Улар нафақат китоб ўқишга, балки тенгдошларига ҳам китобхонлик маданиятини тарғиб этишга ҳисса қўшиб келмоқда.
Лицей бу фақат таълим маскани эмас, балки ёрқин орзулар ва улуғ мақсадлар парвози учун пойдевор бўлган муқаддас даргоҳдир. Бу ерда ёшлар нафақат билим олишади, балки ватанпарварлик, садоқат, матонат ва инсонийлик каби олий фазилатларни ўзлаштиради.
Шубҳасиз, бу таълим даргоҳидан етишиб чиқадиган ҳар бир битирувчи — ўз салоҳияти, билими ва Ватанга садоқати билан мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшадиган фидойи инсон бўлиб шаклланади.
©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров.
