Соҳавий хизматларда. Шаффофлик асосида
2025-11-14 23:00:00 / Янгиликлар

Ангор тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси ходимлари фуқароларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатишни ўз олдига устувор вазифа қилиб белгилаган. Шунга кўра, жорий йилда 9400 дан ортиқ ID-карталар расмийлаштирилди, хорижга чиқиш учун 1937 нафар фуқарога биометрик паспорт берилди.
Ўтган давр ичида юртдошларимиз томонидан доимий рўйхатга қўйиш бўйича қилинган 4362 та мурожаат ижобий ҳал этилган бўлса, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 1806 нафарига вақтинча рўйхатга қўйилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Бироқ айрим ҳолатларда қонунбузарликлар ҳам аниқланмоқда. Масалан, бу йил 44 нафар чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларини бузгани учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Фуқаролар билан ишлашда асосий мақсадимиз — уларнинг розилиги ва ишончини қозониш, — дейди бўлинма бошлиғи, подполковник Баҳодир Эшқувватов. — Ҳар бир мурожаатга жиддий ёндашамиз, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида шаффофлик ва тезкорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратамиз.
Шу билан бирга, чет эл фуқаролари билан ишлашда ҳам қонун талабларига қатъий риоя этилишини назорат қиламиз.
Бугун туманда соҳасида янгича ёндашув асосида фаолият юритилаётгани, замонавий ахборот тизимларидан кенг фойдаланилаётгани хизмат натижадорлигини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Феруза Раҳмонқулова, Сурхондарё вилояти.
