Юксак мукофот соҳиблари. Жасорат ва шижоат унга хос
2025-11-13 13:55:00 / Янгиликлар

ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Биринчи минтақавий ҳудуд 21-сон Жазони ижро этиш колониясининг Тезкор қидирув бўлими кичик инспектори, кичик сержант Сайёра Каримқулова ана шундай фидойи ва меҳнаткаш аёлларидан бири.
Болаликда уйғонган ҳавас
Лавҳамиз қаҳрамони Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида туғилиб вояга етди. У болалигиданоқ тиришқоқлиги ва дадиллиги билан тенгдош қизлардан ажралиб турарди. Отаси Қудрат Икромов узоқ йиллар тарбия колониясида назоратчи лавозимида хизмат қилган. Онаси Шарифа Ашурова эса 21-сон ЖИЭК Ишлаб чиқариш бўлимининг тажрибали ходимларидан бири бўлган. Осойишталик посбонлари оиласида вояга етган Сайёрахонда болалигидан мазкур соҳага ҳавас уйғонди. У улғайгач, ота-онаси изидан боришни ният қилди.
У Янгийўл иқтисодиёт коллежини тамомлаб, 2006 йилда Биринчи минтақавий ҳудуд 24-сон тарбия колониясида иш фаолиятини бошлади. Бу соҳа, айниқса, ёш мутахассис учун осон эмас эди. Жиноят йўлига кириб қолган ўсмирлар билан ишлаш катта сабр, меҳр ва тажрибани талаб этарди. Аммо Сайёра тиришқоқлиги, тинимсиз ўрганишга бўлган интилиши туфайли бунинг уддасидан чиқди.
Кейинчалик 1-сон Тергов ҳибсхонасида ва 21-сон Жазони ижро этиш колониясида фаолият юритди. Хизмати давомида инсон психологиясини чуқур тушуниш, муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қилишни ўргатди.
Оила — бахт қўрғони
Сайёра Каримқулованинг тур- муш ўртоғи — тадбиркор. Улар биргаликда икки нафар фарзанд — Саидхон ва Моҳинабонуларни тарбиялаб вояга етказмоқдалар.
- Фарзандларимдан умидим катта. Улар келажакда билимли, меҳнатсевар ва элу юртимизга фойда келтирадиган инсон бўлиб етишишлари учун барча шарт-шароитларни яратишга ҳаракат қиламиз, — дейди Сайёрахон самимият билан.
Устозлар изидан
Сайёра Каримқулова хизмат фаолияти давомида кўплаб тажрибали устозлар билан ишлаш бахтига муяссар бўлган. Улар орасида Гулруҳ Каримова, Абдурасул Мажидов, Иброҳим Тешабоев ва Пўлат Ғайбуллаев каби касб фидойилари бор.
- Устозларимнинг ҳар бир ўгити, маслаҳати мен учун ҳаётий сабоқ бўлган. Улардан бурчга садоқат, интизом, касб маҳорати ва одамийликни ўргандим, — дейди Сайёра Каримқулова.
Ҳозир эса ўзи ҳам устоз даражасига етган. Унинг шогирдлари кўп ва турли масалаларда маслаҳат сўраб келадилар. Сайёра улардан ҳеч қачон кўмагини аямайди, тажрибаси билан бўлишади.
Муносиб баҳо
Сайёра Каримқулованинг фидойиларча хизмати ўзининг муносиб баҳосини топди. У яқинда Ички иш- лар органлари ходимлари куни муносабати билан Ватанимизнинг юксак мукофоти — «Жасорат» медали билан тақдирланди.
- Бу эътироф зиммамга катта масъулият юклайди. Энди янада жонкуярлик, фидойилик билан хизмат қилишим, ўзимга билдирилган ишончга муносиб бўлишим керак, — дейди у.
Аёл бахтли бўлса ...
Агар аёл бахтли бўлса, унинг оиласи бахтли бўлади. Бахтли оилалар кўпайса, жамиятда барқарорлик, осудалик ҳукм суради. Аёлни эса меҳнатсеварлик, садоқат ва тинимсиз ҳаракат юксакликка етаклайди. Бу ҳақиқатни қаҳрамонимиз ўз ҳаёти, хизмат фаолияти давомида исботлаб келмоқда.
Хадича Ўтаева, капитан. «Постда»
