Ҳалолликни шиор қилган ходимлар. Устозларидан сабоқ олиб...
2025-11-10 02:50:00 / Янгиликлар

Сарвар Наимов хизмат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Вобкент тумани ИИБ ЭКГ катта эксперти лавозимида бошлаган. Сўнгра ўзи қизиққан тергов соҳасида хизматни давом эттирган лавҳамиз қаҳрамони майор Беҳзод Файзуллоев ва подполковник Ойбек Бозоровдан соҳанинг сир-асрорларини, фуқаролар билан муомала қилиш йўл-йўриқларини ўрганди.
- Терговчи жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашга, айбсизларни эса оқлашга ўз ҳиссасини қўшса, унинг юзи ёруғ бўлади, — дейди туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи терговчиси, капитан Сарвар Наимов.
Капитан С. Наимов хизмат даври мобайнида кўплаб жиноятларни тергов қилишда ва фош этилишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Келинг, шу ўринда бунга бир мисол келтирсак.
Лавҳамиз қаҳрамони содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича тергов ишларини олиб бораётган эди.
Бир куни гумонланувчи А.Р. тергов жараёнида мастлик ҳолатини жиноят ишига қўшмасликни ва бунинг эвазига 500 АҚШ доллари пора беришни таклиф қилади. Бурчига садоқатли, ҳалолликни ўзига шиор қилган капитан С. Наимов эса унга бу қилмиши қонунга зид эканлигини, қолаверса, ҳолатни оғирлаштиришини тушунтиради. Бироқ шунча тушунтиришларга қарамай, гумонланувчи пора таклиф қилишда давом этади. Шу сабабли мазкур шахсга нисбатан қонуний чора кўрилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.Р. 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида терговчига берган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинди.
Мирзоқул АҲАДОВ, ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
