Наманган вилоятида тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди
2025-05-31 23:00:00 / Янгиликлар

Давлат активлари агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони билан тасдиқланган 2025 йил учун хусусийлаштириш дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш мақсадида, бугунги кунга қадар республиканинг барча ҳудудларида ва бугун Наманган вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида “Roadshow” тақдимотлари ўтказилди.
Бугунги тақдимот Агентлик директорининг ўринбосари Алишер Миралиев, Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зухриддин Бахриддинов, Агентликнинг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бекзод Матмусаев ва вилоят ҳудудий ташкилот раҳбарлари бошчилигида ҳамда 150 нафардан зиёд тадбиркорлар ва инвесторлар, ҳудудий фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.
Тадбирни кириш қисмида, 2025 йил учун хусусийлаштириш дастури доирасида Наманган вилоятида оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган 8 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг улушлари, 69 та кўчмас мулк объектлари ҳамда 274,4 гектар ер майдонлари иштирокчиларга тақдимот қилинди ва яқиндан таништирилди.


А.Миралиев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилганлигини, хусусан юқорида қайд этилган Фармоннинг тегишли иловаси билан хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага бериш йўналишларида тадбиркорлар учун бир қатор имтиёзлар ва қулайликлар тасдиқлаб берилганлигини таъкидлаб ўтди (имтиёзлар билан танишиш учун ҳавола).
Ўз ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 июлдаги 432-сонли қарорига мувофиқ, кичик саноат зоналари ҳудудида инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган иштирокчиларга берилган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш тартиби ишлаб чиқилганлиги ҳамда кичик саноат зоналари дирекцияси орқали Давлат активлари агентлигига хусусийлаштириш бўйича ариза юбориш юзасидан тадбир иштирокчиларига тушунтириш берилди.

Шу билан бирга, "Roadshow" иштирокчиларига Давлат активлари агентлиги Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йил давомида 102 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, савдода турган 73 та давлат активлари 95,1 млрд.сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, тадбиркорлар ва фуқаролар учун 4375 та 258,2 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 1525 та 113,0 гектар ер участкалари 52,0 млрд.сўмга сотилишига эришилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан 2025 йилнинг ўтган даврида янги 42 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, савдода турган 25 та давлат активлари 19,3 млрд.сўм қийматга сотилиши таъминланган.
Шунингдек, тадбир давомида қатнашчиларга "E-auksion" электрон савдо платформасидан фойдаланиш, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.

Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган тадбир якунида қатнашчилар ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга тегишли жавоблар бериб ўтилди.
Жумладан, Учқўрғон туманидан ҳоким ёрдамчиси аукцион савдолари орқали давлат кўчмас мулк объекти бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган тақдирда, ушбу объектни қачон гаровга қўйиш мумкинлиги ҳақида савол берди. Ушбу саволга, давлат мулкини хусусийлаштирилишида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган давлат активлари бўйича камида 35 фоиз миқдоридаги дастлабки тўловни бирйўла амалга оширган харидорларга мазкур давлат активларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилиши тушунтирилди.
Шунингдек, Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги “Tekstil Pro Group” МЧЖ раҳбари 4 йилдан буён “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали ижарага олинган давлат кўчмас мулк объектидан фойдаланиб келаётгани, ушбу ҳудудда бўш турган ер майдонига қўшимча қурилиш қилиб фаолиятини кенгайтириш режаси борлиги ҳамда мазкур объектни тўғридан-тўғри хусусийлаштириш тартиби тўғрисида савол берди. Мутасаддилар томонидан мазкур саволга тадбиркорлик субъектлари томонидан "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали ижара шартномалари бўйича ижарага олинганига камида беш йил бўлган давлат мулки объектини капитал таъмирлаш, модернизация қилиш, теварак-атрофини ободонлаштириш ҳамда бино ва иншоотларни турли даражада яхшилаш бўйича ишлар амалга оширилган ва ижара тўловлари ўз вақтида тўлаб келинган тақдирда, уларга ушбу давлат мулки объектининг ижарага олинган қисми баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилиши эслатилди.


