Фарғона вилоятида тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди
2025-05-24 11:15:00 / Янгиликлар

Cўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш ҳамда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилиб, бу борадаги ишлар янада жадаллаштирилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра, 115 та корхонадаги давлат акция пакетлари, 659 та кўчмас мулк объектлари ҳамда 6100 гектар ер участкалари оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.
Шу билан бирга, мазкур Фармон билан давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш мақсадида, 2030 йил 1 январга қадар давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга мораторий жорий қилинди ҳамда бозорлар уставида маҳаллий давлат ҳокимликларнинг мажбурий иштирок этиши талаби бекор қилинди.
Ўз ўрнида, ҳудудларда мазкур Фармон мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка тушунтириш, унинг тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 23 май куни Давлат активлари агентлиги томонидан Фарғона вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди.

Ушбу тақдимот Агентлик директорининг ўринбосари Алишер Миралиев, Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов, Агентликнинг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Алишер Салиев ва вилоят ҳудудий ташкилот раҳбарлари бошчилигида ҳамда 150 нафардан зиёд тадбиркорлар ва инвесторлар, ҳудудий фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.

Тадбирда давомида А.Миралиев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда хусусийлаштириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилиб, тадбиркорлар учун хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага бериш йўналишларида бир қатор имтиёзлар ва қулайликлар яратилганлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан:
-
Давлат активини сотиб олиш тўловлари 1 ой давомида тўланган тақдирда, харидорга харид суммасидан Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма қўлланилади;
-
давлат кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари учун сотиб олиш тўловларининг миқдорига қараб 3 йилгача бўлган муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти мавжуд.
-
меҳмонхона ва туризм хизматларини кўрсатиш бўйича давлат мулкини савдога чиқаришда харид тўловлари миқдоридан қатъи назар уларни 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
-
тиббиёт ва таълим ташкилотини ташкил этиш учун аукцион савдоларида сотилган давлат кўчмас мулк объектларининг сотиб олиш нархидан қатъи назар барча харидорларга харид тўловларини 5 йил муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
-
ижарага олувчи томонидан йиллик ижара тўловлари 1 ой давомида тўланган тақдирда, унга йиллик ижара суммасидан Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма берилади;
-
«E-auksion» орқали ижарага олинганига камида 5 йил бўлган давлат мулки объектини капитал таъмирлаш, модернизация қилиш, теварак-атрофини ободонлаштириш бўйича ишлар амалга оширилган ва ижара тўловлари ўз вақтида тўлаб келинган давлат мулки объектининг ижарага олинган қисми баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилади;
-
майдони 10 минг м2 гача бўлган давлат мулки объектлари юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга тўғридан тўғри текин фойдаланишга берилади. Шартнома шартлари бажарилган тақдирда, ушбу тадбиркорлик субъектларига баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотилади;
-
Барча турдаги ер участкаларининг қиймати 15 иш кунида тўлиқ тўланган тақдирда, жами суммага нисбатан 20 фоиз чегирма берилади (бошланғич нархи 50 фоиздан ортиққа пасайтирилган ҳолда реализация қилинган ер участкалари бундан мустасно).
-
Бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича камида 35 фоиз миқдоридаги дастлабки тўловни бирйўла амалга оширган харидорларга мазкур ер участкаларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилади;
-
Аукцион савдоларига тадбиркорлик учун чиқарилган ер участкалари (вилоят марказлари бундан мустасно) 3 ой давомида сотилмаганда бошланғич қийматининг 30 фоизигача, 6 ой давомида сотилмаганда 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилиши, сотиб олиш тўловларининг 15 фоизини 3 ой муддатда қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди.


Шу билан бирга, «Roadshow» иштирокчиларига Давлат активлари агентлиги Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йил давомида 139 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, савдода турган 104 та давлат активлари 144,6 млрд.сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, тадбиркорлар ва фуқаролар учун 4274 та 486,5 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 2696 та 229,0 гектар ер участкалари 74,1 млрд.сўмга сотилишига эришилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан 2025 йилнинг ўтган даврида янги 41 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, савдода турган 50 та давлат активлари 36,5 млрд.сўм қийматга сотилиши таъминланган.
Ўз ўрнида, янги 2025 йилги хусусийлаштириш дастурига мувофиқ, Фарғона вилоятида оммавий савдоларда сотилиши белгиланган жами 8 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг улушлари, 53 та кўчмас мулк объектлари ҳамда 425,8 гектар ер майдонлари тадбиркорлар ва тадбир иштирокчиларига яқиндан таништирилди.
Шунингдек, тадбир давомида қатнашчиларга «E-auksion» электрон савдо платформасидан фойдаланиш, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.
Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган тадбир якунида қатнашчилар ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга тегишли жавоблар бериб ўтилди.
Жумладан, Қува туманида хусусий болалар боғчасини очган аёл тадбиркор томонидан Қувасой шаҳридаги коллежнинг бўш ётоқхона биносида боғча фаолиятини ташкил этиш учун аукцион савдоларига чиқариш тартиби бўйича савол берилди. Мазкур савол бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-102-сон Қарори билан жисмоний шахсларга «Давлат мулки» ахборот тизими орқали майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилганлиги тўғрисида тушунтириш берилди.
Шунингдек, Фарғона туманидан ташриф буюрган тадбиркор кичик саноат зоналари ҳудудидаги давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби юзасидан савол берди. Ўз ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 июлдаги 432-сонли қарорига мувофиқ, кичик саноат зоналари ҳудудида инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган иштирокчиларга берилган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш тартиби ишлаб чиқилганлиги ҳамда кичик саноат зоналари дирекцияси орқали Давлат активлари агентлигига ариза юбориш юзасидан тушунтириш берилди.



Мазкур тадбир бунга қадар Сурхондарё, Хоразм, Бухоро, Навоий, Жиззах вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида, кеча Фарғона ва Андижон вилоятида ўтказилди ҳамда кейинги ўринда Сирдарё вилоятида ва республиканинг қолган барча вилоятларида ўтказилади.

