Танлов. Дилларда ватан мадҳи
2024-04-18 11:30:00 / Янгиликлар

Ватан — муқаддас. Уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш баробарида, юқори пардаларда мадҳ этиш ҳам юрт фарзанди учун улуғ шарафдир.
Зеро, чинакам ватанпарварлик, аввало, ўзи туғилиб ўсган заминни севмоқ ҳамда ана шу туйғу ила улуғламоқ орқали кўнгилларда ниш уради, қарор топади.
Қарши шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида ўтказилган «Дилларда Ватан мадҳи» шиори остидаги қўшиқ ва шеърият танлови бу фикримизни яна бир бор тасдиқлади.
Танлов вилоят ички ишлар органлари оталиғига бириктирилган 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар орасидан энг иқтидорлиларини аниқлаш ва танлаб олиш мақсадида ташкил этилди.
Унда воҳанинг барча шаҳар-туманларида ўтказилган танловнинг дастлабки босқичида ғолибликни қўлга киритган 32 нафар йигит-қиз қатнашди.
Таниқли мутахассислардан иборат ҳайъат ижодкор ёшларнинг ижодий чиқишларини баҳолаб борди.
Қизғин баҳсларга, муҳокамаларга бой кечган танловда шеърият йўналишида ғолибликни Қарши шаҳар вакиласи Мафтуна Темирова қўлга киритди.
Унинг Ватан тўғрисидаги шеъри нафақат ҳайъат аъзоларида, балки томошабинларда ҳам илиқ таассурот қолдирди.
Навбатдаги совринли ўринлар эса чироқчилик Онажон Қўлдошева ҳамда шаҳрисабзлик Шахина Усмоновага насиб этди.
Инсон қалбининг нозик тор-ларини тебратувчи қўшиқчилик санъати йўналишида Шаҳрисабз тумани вакиласи Жасмина Шералиева биринчи, Шаҳрисабз шаҳар вакили Элдор Турсунов иккинчи, Қарши тумани вакили Оғабек Лутфуллоев учинчи ўринни эгаллади.
Кўрик-танлов ғолиблари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Фурқат Жалолов, капитан. Қашқадарё вилояти.
