Ёшлар келажак бунёдкори. Мақсадли йўл топар
2024-10-30 07:55:00 / Янгиликлар

Ҳаётда эришиладиган ҳар қандай ютуқ кишининг меҳнатига боғлиқ. Қўйилган мақсад сари интилиб, машаққатдан чекинмаган кишининг атрофидагиларга намуна бўла оладиган ички ишлар органлари ходимлари жуда кўп. Улардан бири Музработ тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори катта лейтенант Шоҳжаҳон Нуралиев.
Лавҳамиз қаҳрамони ИИВ Академиясини тамомлагач, илк хизмат фаолиятини 2022 йили Денов туманидаги “Истиқбол” маҳалласида профилактика инспекторлигидан бошлаган. Ҳозир Музработ туманидаги “Дарбанд” маҳалласи ҳудудида жиноятчиликни барвақт олдини олиш бўйича жонбозлик кўрсатмоқда.
Ҳудудда яшовчи 5310 нафар фуқаронинг тинч ва осойишта умр кечириши учун астойдил ҳаракат қилаётган профилактика инспекторининг саъй-ҳаракати билан бугун “Дарбанд” маҳалласи “яшил” тоифага киритилган.
Катта лейтенант Шоҳжаҳон Нуралиев бу йил профилактика инспекторлари ўртасида ўтказилган “Намунали профилактика инспектори” танловининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритди.
- Танлов олдидан пухта тайёргарлик кўрдим. Соҳага оид адабиётлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта-қайта ўқидим. Дунёқарашимни кенгайтириш мақсадида бадиий китоб мутолаасига киришдим. Ҳаракатларим зое кетмади, -дейди у.
Шоҳжаҳон детектив асарлардан тортиб, бадиий адабиётнинг олтин намуналарини ҳам ўқишни канда қилмайди. Шунданми, “Заковат”, “Китобхон” танловларида доимо фаол. Бундан ташқари, ҳозирда турк тилини ҳам ўрганмоқда. Тил бўйича махсус сертификатни қўлга киритгач, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига ўқишга киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Изланиш ва ўқиш инсонни юксалтириб боради. Фақат вақтни тўғри тақсимлаб, имкон топилса бўлгани. Шоҳжаҳон бор имкониятлардан кераклича фойдалана олиш кўникмасига эга. Муҳими, уни ота-онаси, яқинлари ҳамиша қўллаб-қувватлайди. Қаҳрамонимиз бундан янада куч олади.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА, ўз мухбиримиз.
Сурхондарё вилояти.
