Яқин тарих саҳифаларида. Бир сўзли инсон эди
2024-05-08 12:25:00 / Янгиликлар

Даурхан Мансуров 1944 йил 18 май куни Конимех туманида таваллуд топган. Отаси чўпон бўлиб, фарзандларининг ўқимишли бўлиши учун ҳаракат қилди. У 8 фарзандни вояга етказди. Улар орасида Даурхан учинчи фарзанд бўлиб, ўта жиддий ва қатъиятлилиги билан ажралиб турарди.
У ҳарбий хизматдан сўнг милиция ходими бўлишга қарор қилди. 1974 йилда ИИВ Олий милиция мактабини тамомлаган қаҳрамонимиз Навоий вилояти Кармана тумани ИИБ Тергов бўлимида ўз фаолиятини бошлади. Ҳалоллиги ва тиришқоқлиги туфайли жамоада ҳурмат-эътибор қозонди. Ўзбек, қозоқ, рус тилларида бемалол сўзлаша олиши тергов жараёнларида унга жуда қўл келди. Шy сабабли бошқа ҳамкасблари Даурханга доим ҳавас билан қарашарди.
Тўрт йилдан сўнг у ўзи туғилиб ўсган Конимех тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бундан, айниқса, оила аъзолари жуда хурсанд бўлишди. Чунки энди у оиласи бағридан хизматга қатнаш, яқинлари билан кўпроқ кўришиш имкониятига эга бўлганди.
Аммо хурсандчилик узоққа чўзилмади. 1983 йил охирларида бошланган «пахта иши» ғавғолари уни ҳам ўз гирдобига тортди. Даурхан Мансуров 1985 йилда тергов ҳаракатлари баҳонасида гумон қилинувчи сифатида 6 ой давомида ҳибсхонада сақланди. Ҳар куни уни бир хил саволлар бериб қийнашар, то йўқ айбини бўйнига олмагунча қўймасликларини айтиб, дўқ-пўписа қилишарди. Бироқ унга қўйилган айбларнинг ҳеч бири ўз тасдиғини топмади. Шундан сўнг гдлянчилар 1986 йилда хизматда қолдиришга номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этган деган уйдирма айб билан ички ишлар органларидан озод этишган.
Мен ўша пайтлар 7 ёшда эдим. Отам «пахта иши» бўйича тергов қилиниб, 6 ой қамоқда ётган. Онам фақат йиғлар эди. Отамни суд залига олиб киришаётганида бир марта кўрганмиз, холос. Ўшанда жуда ҳам озиб кетган эдилар. Отам жуда талабчан, қатъиятли ва бир сўзли инсон эдилар. Лекин бизга ҳеч қачон қаттиқ гапирмаганлар. Ёшим улғайгандан сўнг отамдан нега судланганлиги ҳақида жуда кўп бора сўрадим. Аммо ҳар гал «Қўй, ўша машъум кунларни эслатма» дердилар. Бошларидан ўтказган қийинчиликларни ҳеч биримизга айтмас эдилар, дейди унинг ўғли Фарҳод Мансуров.
Ички ишлар органлари сафидан ноҳақ бўшатилиши унинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилди. Шундан кейин на еган-ичганида, на юриш-туришида ҳаловати бўлди. Оила аъзолари ундан қаттиқ хавотир ола бошлашди. Ҳар қанча далда беришмасин, дардини ичига ютиб, оғир ўй-хаёллар суришда давом этаверди. Шу зайлда ўтган 4 йил унга гўёки 40 йилдек туюлди.
Бир кун отам ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш, адолатни қарор топтириш учун яна курашишга қарор қилганликларини айтиб қолдилар. Ҳаммамиз ич-ичимиздан унга муваффақият тиладик. Чунки бу сафар ҳам ютқизсалар, яна бир марта умидсизликка тушиш отам учун жудаям оғир бўлишини ҳаммамиз ҳис қилиб турардик, дейди унинг қизи Нурия Мансурова.
Майор Д. Мансуровнинг бу галги уринишлари муваффақиятли якун топди. Ниҳоят 1990 йил 3 март куни Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан ички ишлар органлари сафига қайта тикланди. Шундан сўнг яна 6 йил ўз касбига садоқат кўрсатиб, фидойилик билан хизмат қилди. У 1996 йили иззат-ҳурмат билан пенсияга кузатилди.
Пенсияга чиққанидан кейин ҳам уйда оёқ узатиб ўтирмади. 2000 йилга қадар солиқ соҳасида мутахассис ҳуқуқшунос сифатида ишлаб, кўплаб фуқароларга йўл-йўриқ кўрсатди, маслаҳатлар берди. Унга турмуш ўртоғи Кибира Жалгасова билан кексалик гаштини суриб, фарзандлар ва набиралар ардоғида умргузаронлик қилиш бахти оз бўлса-да насиб этди. Барча адолатсизликларни метин иродаси билан енгиб ўтган бу инсон 2013 йили ўзи туғилган санада Яратганга омонатини топширди.
Бугунги кунда фарзандлари турли соҳаларда ҳалол меҳнат қилиб, отасига раҳмат олиб келишмоқда. Жумладан катта ўғли Фарҳод Мансуров Миллий гвардиянинг Навоий вилояти бошқармаси Конимех тумани қўриқлаш бўлими сафдор ходими. Неваралари ҳам бобосининг ёрқин хотирасини ёдда тутиб улғайишмоқда.
Маҳлиё Холова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Навоий вилояти
