Талабалар томонидан яратилган қисқа метражли фильмлар премьераси бўлиб ўтди
2024-06-29 16:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлик ("Россотрудничество")нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Староселская, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси директори Камола Акилова ҳамда Тошкент шаҳрида С.А. Герасимов номидаги БДКИ филиали директори Элдор Юлдашевлар иштирок этиб, лойиҳани муваффақиятли амалга оширган талабаларни табрикладилар.
2023 йилнинг 19 сентябрида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти филиали талабалари томонидан суратга олинадиган 5 та қисқа метражли фильмлар учун сценарийлар танлови ўтказилган. Танловда ғолиб деб топилган 5 та лойиҳа бўйича фильмларни ишлаб чиқариш учун вазирлик томонидан грант маблағи ажратилган.
Ушбу лойиҳа талабаларнинг назарий билимларини амалиётда қўллаш, кино майдонларида ўзларининг тажриба ва малакаларини ошириш, ижодий фаолият билан бевосита шуғулланишларига шароит яратиб бериш орқали кинематография соҳасида истиқболли кадрларни етиштириб чиқаришга қаратилган.
Тадбирда Тошкент шаҳрида С.А. Герасимов номидаги БДКИ филиали талабалари томонидан суратга олинган "Кондуктор", "Безори" ва "Кимоно" номли қисқа метражли фильмларнинг илк премьералари ташкил этилди.
Премьерадан сўнг фильмларнинг ғояси, ижодкорларнинг ютуқ ва камчиликлари муҳокама қилинди. Шунингдек, "Кондуктор" қисқа метражли фильмининг оператори Умид Маликов "Энг яхши операторлик иши", "Безори" қисқа метражли филми режиссёри Мўминжон Исматилло "Энг яхши режиссёрлик иши" ва "Кимоно" қисқа метражли муаллифлари Санжар Муродшайхов ва Донёр Ғаниевлар "Энг яхши сценарий муаллифлари" сифатида эътироф этилди.
Бундан ташқари, Ёшлар кунига бағишланган фотокўргазма ҳам ташкил этилди. Кўргазмада йигирма нафар Тошкент шаҳрида С.А. Герасимов номидаги БДКИ филиали иқтидорли талабаларининг 60 га яқин фотоасарлари намойиш этилди. Уларда мустақиллик йилларида мамлакатда рўй бераётган улкан ўзгаришлар, баркамол авлод келажаги йўлидаги ғамхўрлик, кўплаб анъана ва қадриятларнинг қайта кўз очгани, файзли ва обод маҳаллалар манзаралари акс эттирилган.









