Самарқанд вилоятида тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди
2025-05-29 19:50:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 29 май куни Давлат активлари агентлиги томонидан Самарқанд вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги "Roadshow" тақдимоти ўтказилди.

Тақдимот Давлат активлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Нодирбек Хусанов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Дилшод Мусинов, Агентликнинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Акром Эгамов ва вилоят ҳудудий ташкилот раҳбарлари бошчилигида ҳамда 300 нафардан зиёд тадбиркорлар ва инвесторлар, ҳудудий фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.
Тадбирни кириш қисмида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги ПФ-70-сонли Фармони билан 2025 йил учун хусусийлаштириш дастури қабул қилинганлиги, мазкур дастур доирасида Самарқанд вилоятида оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган 10 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг улушлари, 64 та кўчмас мулк объектлари ҳамда 730,2 гектар ер майдонлари иштирокчиларга тақдимот қилинди ва яқиндан таништирилди.

Н.Хусанов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилганлигини, хусусан юқорида қайд этилган Фармоннинг тегишли иловаси билан хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага бериш йўналишларида тадбиркорлар учун бир қатор имтиёзлар ва қулайликлар тасдиқлаб берилганлигини таъкидлаб ўтди (имтиёзлар билан танишиш учун ҳавола).
Ўз ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 июлдаги 432-сонли қарорига мувофиқ, кичик саноат зоналари ҳудудида инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган иштирокчиларга берилган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш тартиби ишлаб чиқилганлиги ҳамда кичик саноат зоналари дирекцияси орқали Давлат активлари агентлигига хусусийлаштириш бўйича ариза юбориш юзасидан тадбир иштирокчиларига тушунтириш берилди.

Шу билан бирга, "Roadshow" иштирокчиларига Давлат активлари агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йил давомида 91 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, савдода турган 106 та давлат активлари 224,6 млрд. сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, тадбиркорлар ва фуқаролар учун 2847 та 1260,2 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 1828 та 378,4 гектар ер участкалари 234,1 млрд. сўмга сотилишига эришилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан 2025 йилнинг ўтган даврида янги 19 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, савдода турган 31 та давлат активлари 290,6 млрд.сўм қийматга сотилиши таъминланган.
Шунингдек, тадбир давомида қатнашчиларга "E-auksion" электрон савдо платформасидан фойдаланиш, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.

Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган тадбир якунида қатнашчилар ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга тегишли жавоблар бериб ўтилди.
Жумладан, Жомбой туманидан ташриф буюрган тадбиркор ижарага олинган кўчмас мулк объектини хусусийлаштириш тартиби бўйича савол берди. Мазкур саволга Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 апрелдаги ПФ-70-сон Фармонининг 6-иловасига мувофиқ, “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали ижара шартномалари бўйича ижарага олинганига камида беш йил бўлган давлат мулки объектини капитал таъмирлаш, модернизация қилиш, теварак-атрофини ободонлаштириш ҳамда бино ва иншоотларни турли даражада яхшилаш бўйича ишлар амалга оширган ва ижара тўловлари ўз вақтида тўлаб келган тадбиркорларга (объект хусусийлаштириш дастурига киритилган тақдирда) ушбу давлат мулки объектининг ижарага олинган қисми баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилиши тушунтирилди.


Мазкур тадбир бунга қадар Сурхондарё, Хоразм, Бухоро, Навоий, Жиззах, Фарғона, Андижон, Сирдарё, Тошкент вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида, бугун Самарқанд вилоятида ўтказилди ҳамда кейинги ўринда Қашқадарё ва Наманган вилоятларида ўтказилади.

