Бойсун туманида умумий майдони 220,5 гектарни ташкил этувчи ер участкасини қамраб олган "Омонхона" туристик марказини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
2025-06-20 19:45:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг "Сурхондарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ва туризм обектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, Бойсун туманида умумий майдони 220,5 гектарни ташкил этувчи ер участкасини қамраб олган "Омонхона" туристик марказини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларга ташрифини Бойсун туманида давом эттириб, "Омонхона" санаторийси ва ҳудуддаги туризм маркази учун ишлаб чиқилган мастер режа билан танишди. Санаторийнинг мавжуд шароитлари ўрганилиб, бу ерда дам олаётган нуронийлар билан мулоқот қилинди. Мутасаддилар томонидан туризм марказига оид мастер режанинг техник-иқтисодий асослари, жойлашув харитаси ва режалаштирилаётган обектлар ҳақида маълумот берилди.
Ташриф доирасида ер майдонларини лойиҳалар асосида лотларга ажратиб, ауцион савдоларига чиқариш, шунингдек, санаторий инфратузилмасини янада яхшилаш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, "Сайроб" маҳалласида қурилаётган "Сайроб" маданият маркази биносидаги қурилиш ишлари ҳолати кўздан кечирилди. Обектда қурилиш-таъмирлаш ишлари чўзилиб кетгани танқид қилинди ва бир ҳафта муддатда лойиҳани тўлиқ якунлаб, фойдаланишга топшириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.






