22-март — “Маҳалла тизими ходимлари куни”
2025-03-22 15:50:00 / Янгиликлар

Маҳалла институтининг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, унинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базасини ривожлантириш ҳамда кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида мамлакатимизда 22-март — “Маҳалла тизими ходимлари куни” сифатида белгиланган.
Мазкур сана муносабати билан бугун Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да маҳалла тизимида фидокорона меҳнат қилаётган илғор ходимларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, маҳалла тизими ходимларини касб байрами билан табриклади.
Маҳаллаларни обод қилиш, “Маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит яратиш йўналишидаги хизматлари учун 14 нафар ходим “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди, 25 нафарига эса вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг, маҳалла тизими ходимлари учун касб байрами муносабати билан консерт дастури намойиш этилди.









