Шўрчидаги маҳалла банан ва ситрус мевалар етиштиришга ихтисослаштирилади
2025-03-15 18:05:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг Шўрчи туманига ташрифи давомида мазкур йўналишдаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, "Кўклам" маҳалласида фуқаро Шерзод Холматовнинг иссиқхонасида банан ва ситрус мевалари етиштириш фаолияти билан танишилди.
Тажрибани кенг жорий этиш, шунингдек, маҳалладаги фойдаланилмаётган 17 та иссиқхонада банан етиштиришни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан тадбиркор-деҳқон фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.
Шунингдек, "Наврўз" маҳалласини паррандачиликка ихтисослаштириш орқали аҳоли даромадларини ошириш мақсадида талабгор оилаларга имтиёзли кредит асосида 100 тадан тухум етиштириш учун товуқлар, озуқа ва сақлаш қафаслари топширилди. Мазкур лойиҳа доирасида оилалар тухумлардан олган фойданинг бир қисмини кредит тўловига йўналтириб, қолганини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиши белгиланди.
Ташриф давомида "Қоқайди" маҳалласида ижарага берилган ерлар ва аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш ҳолати ўрганилди. Шунингдек, "Оққўрғон" маҳалласининг "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури доирасида оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар бир оила мисолида таҳлил қилинди.









