Сурхондарё вилоятида шарқона Янги йил – Наврўз умумхалқ байрамига қизғин тайёргарлик ишлари давом этмоқда.
2025-03-07 16:00:00 / Янгиликлар

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги "Санъат саройи" мажмуасида байрам тадбирларига тайёргарлик жараёнлари билан танишди. У ерда консерт дастурлари, сайллар давомида намойиш этиладиган томошалар учун ишлаб чиқилган либослар ва декорациялар тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, ҳоким мажмуа ҳудудидаги ободонлаштириш ишларини кўздан кечириб, дарахт кўчатлари экиш тадбирида иштирок этди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов билан бирга "Сурхон арена" спорт мажмуасида бўлиб, у ердаги реконструкция ишлари билан танишди. Вилоятда спорт, хусусан, футболни ривожлантириш, маҳаллий клублар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида вилоят ҳокими Термиз туманида жойлашган "Учқизил" сув омбори бўйида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Ушбу лойиҳалар ўтган ҳафтада берилган кўрсатма ва тавсиялар асосида ишлаб чиқилган мастер-режага мувофиқ ишлаб чиқилган. Шу муносабат билан туман раҳбарлари ва мутасаддиларга тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳаларини танлаб олиш ва амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.








