Жарқўрғонда соғлиқни сақлаш ва ёшлар билан ишлаш вазифалари ижроси ўрганилди
2026-02-04 21:35:00 / Янгиликлар

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон туманига ташрифининг кейинги манзилида туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Кўп тармоқли марказий поликлиника фаолияти билан танишди. Тиббиёт муассасасида яратилган шарт-шароитлар ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати кўздан кечирилди.
Муассасада икки кун давомида вилоятдаги малакали шифокорлар ва замонавий тиббий жиҳозларни жалб этган ҳолда аҳоли учун бепул чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилган.
Вилоят раҳбари бундай амалиётларни тизимли равишда ва барча ҳудудларда йўлга қўйиш, касалликларни даволашдан кўра, уларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш муҳимлигини таъкидлаб, масъулларга тегишли вазифаларни белгилаб берди.
Шундан сўнг, туманнинг Қўштепа маҳалласида ёшларга ауцион орқали ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича аввалги ташрифда берилган топшириқлар ижроси ўрганилди. Масъуллар ажратилган ерларда дарахт кўчатлари ва турли экинларни экиш ишлари, шунингдек, ёшларга тажрибали деҳқонларни бириктириш юзасидан ахборот бердилар.
Ҳар бир ёш билан манзилли ишлаш, ер майдонларидан оқилона фойдаланиш ҳамда даромадли экинлар етиштириш орқали ёшларни қўшимча даромад манбалари билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.







