Сурхондарё вилояти ҳокими бўлажак архитекторлар билан учрашув ўтказди
2026-02-03 10:00:00 / Янгиликлар

Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудлардаги оғир тоифадаги маҳаллаларга муҳандислик ва архитектура йўналишларида таҳсил олаётган талабаларни бириктириш, уларнинг лойиҳа таклифлари асосида аниқ амалий ишлар ташкил этиш вазифалари белгилаб берилган эди.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетининг архитектура ва қурилиш йўналишларида таҳсил олаётган талабалар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда вилоятнинг 12 та ҳудудида танлаб олинган 86 та оғир тоифадаги маҳаллаларга бириктирилган 600 нафардан ортиқ талаба ёшлар иштирок этди. Вилоят раҳбари талабаларга бириктирилган маҳаллаларда амалга ошириладиган вазифалар, улардан кутилаётган аниқ натижалар ҳақида атрофлича тушунтириш бериб, ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш ҳамда замонавий қиёфасини шакллантириш бўйича креатив ёндашувлар асосида лойиҳа таклифлари ишлаб чиқиш вазифасини белгилаб берди.
Таъкидланганидек, мазкур жараён орқали талабалар ўзларининг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириб, архитектура ва қурилиш соҳасидаги касбий кўникма ва тажрибаларини янада ошириш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, учрашувда белгиланган вазифаларни намунавий бажарган, ташаббускорлиги ва салоҳияти билан ажралиб турган 20 нафар талаба замонавий архитектура соҳасида илғор тажрибага эга бўлган бешта хорижий давлатга малака ошириш ва тажриба алмашиш учун юборилиши маълум қилинди.
Учрашувдан сўнг Термиз туманидаги "Янги Ўзбекистон" массивига туташ ҳудудда барпо этилаётган ёшлар саноат зонасида лойиҳаларни жойлаштириш бўйича тақдимот кўриб чиқилиб, масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.









