Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиги Шукуров Шароф Тожибоевичнинг воҳамиз аҳолисига МУРОЖААТИ
2026-01-07 16:55:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда, мухтарам Президентимизнинг оқилона ва халқпарвар сиёсати натижасида инсон қадри, тинчлик ва хавфсизлик масалалари давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларига айланди.
Бу ислоҳотлар ўз самарасини нафақат мамлакат миқёсида, балки ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадон ҳаётида яққол кўрсатмоқда.
Юртимизда 2026-йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Бу эса маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада ошириш, аҳоли хавфсизлигини таъминлашни энг устувор вазифага айлантиришни тақозо этади.
Ўтган 2025-йил мобайнида вилоятимизнинг 723 та маҳаллаларидан 411 тасида ёнғинлар содир бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилларга нисбатан 41,2 фоизга ошган. Ҳудудимизда ёнғинлар билан боғлиқ ҳолатлар сонининг ортиб бораётгани барчамизни жиддий ўйлантириши лозим. Ачинарлиси, юзага келаётган ёнғинларнинг аксарияти инсон омили — яъни хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик, газ ва электр жиҳозларидан нотўғри фойдаланиш, очиқ оловга бепарволик билан муносабатда бўлиш оқибатида содир бўлмоқда.
Ёнғинлар нафақат моддий зарар, балки инсон ҳаёти ва соғлиғи учун ҳам катта хавф туғдирмоқда. Айрим ҳолларда бепарволик бир оила эмас, балки бутун маҳалланинг тинчлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи бугунги кунда энг долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири ҳисобланади.
Президентимизнинг ташаббуси билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қабул қилинган фармон ва қарорлар аввало аҳолига яқинлашиш, хавфсизликни маҳалланинг ўзида таъминлашга қаратилган. Ушбу ислоҳотлар доирасида ҳар 4 та маҳаллага биттадан ФВБ инспектори бириктирилиб, маҳаллаларда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси инспектори хоналари ташкил этилди.
Бу тизим инспекторларга маҳаллада доимий фаолият юритиш, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш ва хонадонбай профилактика ишларини олиб бориш имкониятини берди. Энди ФВБ инспекторлари ҳар бир хонадонга кириб, ёнғин, газ, электр, сел ва зилзила билан боғлиқ хавфли ҳолатларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича аниқ тавсиялар бериш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда энг самарали усул сифатида ўзини оқламоқда.
Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан 2026-йилда:
— маҳаллаларда ёнғин ва техноген хавфларни камайтириш;
— хавф юқори бўлган ҳудудларда профилактик тадбирларни кучайтириш;
— таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий объектларда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш;
— аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида фуқароларни муҳофаза қилиш маданиятини оширишга қаратилган ўқув ва тушунтириш ишларини кенгайтириш режалаштирилган.
Маҳаллаларда ташкил этилган ФВБ инспектори хоналари аҳолининг мурожаатларини жойида қабул қилиш, тезкор чоралар кўриш, огоҳлантириш тадбирларини ўз вақтида амалга оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса аҳолида хавфсизликка бўлган масъулиятни ошириб, давлат идораларига бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, хавфсиз муҳитни яратиш фақатгина хизмат идоралари вазифаси эмас. Ҳар бир фуқаронинг онгли иштироки, ҳар бир хонадонда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиниши жамият барқарорлигининг асосидир. Шубҳали ёки хавфли ҳолатлар аниқланганда, зудлик билан тегишли хизматлар/1050, 101/га хабар бериш орқали оғир оқибатларнинг олдини олиш мумкин.
Ҳурматли юртдошлар!
Биз маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш йўлида бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этмоқдамиз.
2026-йилда маҳалламизни янада обод, жамиятимизни эса хавфсиз ва барқарор қилиш йўлида биргаликда ҳаракат қилайлик!
Ҳар бир хонадонда тинчлик, ҳар бир оилада хотиржамлик бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат
