Сурхондарёлик болажонларга "Президент совғаси" топширилди
2025-12-25 13:45:00 / Янгиликлар

Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, вилоятимиз шаҳар ва туманларида ҳам "Президент арчаси" театрлаштирилган байрам томошалари бошланди.
Хусусан, Термиз шаҳридаги "Иcеберг" кўнгилочар масканида ўтказилган байрам тадбири шукуҳли ва эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Унда 3–15 ёшдаги ота-она қаровисиз қолган болалар, 18 ёшгача бўлган оилавий болалар уйлари ва "Мурувват" уйи тарбияланувчилари, шунингдек, ота-оналари Ватан тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов болажонларни юртбошимиз номидан Янги йил байрами билан табриклаб, 24 турдаги ўқув қуроллари ва 34 турдаги ширинликлардан иборат "Президент совғалари"ни топширди.
Шундан сўнг, "Президент совғалари" юкланган автокарвон туманларга кузатилди. Бугун барча ҳудудларда ушбу совғалар ўз эгаларига тантанали равишда топширилади.









