Термиз давлат университети Хитой олий таълим муассасалари билан стратегик ҳамкорликни йўлга қўяди
2025-12-25 13:40:00 / Янгиликлар

Хабар қилинганидек, кеча Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Хитой компаниялари делегациялари билан учрашув ўтказиб, иқтисодиётнинг қатор йўналишлари билан бир қаторда олий таълим тизимида ҳам яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган эди.
Мазкур музокараларда эришилган келишувлар доирасида Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов Хитой Халқ Республикасининг нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда йирик инвесторлари билан амалий учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Хитойнинг Жануби-ғарбий университети билан ҳамкорликда Термиз давлат университетида хитой тилини ўқитиш марказини ташкил этиш, сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, хитойлик мутахассислар иштирокида дарслар ва мастер-класслар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, магистратура ва докторантура йўналишларида қўшма таълим дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчилар учун Хитойда малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш, таълим, илм-фан ҳамда инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.



