Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди
2025-12-24 21:40:00 / Янгиликлар

Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда барқарор даромад манбалари билан таъминлаш бугунги кунда ҳудуд раҳбарлари олдида турган устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Музработ туманининг Ат-Термизий маҳалласида жойлашган Сурхондарё илғор касбий маҳорат техникумига ташриф буюриб, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тақдимоти билан танишди.
Ташриф давомида тумандаги ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича масъулларининг ҳисоботлари тингланди. Жумладан, 633 нафар ишсиз ёшга бириктирилган хизмат кўрсатувчи корхоналар, йирик савдо обектлари, солиқ ва бандлик бўлимлари ҳамда тижорат банклари вакиллари томонидан ахборот берилди.
Вилоят раҳбари ёшлар етакчилари ва масъулларга ҳар бир ёш билан индивидуал ишлаш, уларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда тўғри йўналиш белгилаш, иш билан таъминлаш ва барқарор даромад манбалари яратишда манзилли ёндашувни кучайтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Шунингдек, техникум битирувчиларини иш билан таъминлаш масалаларига бағишланган тақдимот ўтказилиб, келгусида дуал таълим тизимини янада ривожлантириш, сунъий интеллект асосидаги ўқитиш усулларини жорий этиш ҳамда чет эл корхоналари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.





