"Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури доирасидаги лойиҳалар тақдимоти кўриб чиқилди
2025-12-23 18:20:00 / Янгиликлар

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда илк бор камбағаллик даражасини баҳолаш тизими жорий этилиб, аҳолини камбағалликдан чиқариш ишларини манзилли ва самарали ташкил этиш мақсадида "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури тасдиқланган.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Музработ тумани Янги Диёр маҳалласида жойлашган "Агросервис" МЧЖ ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Ушбу маҳаллада "Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла" консепсияси асосида инфратузилмани яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шундан сўнг, Ангор туманида жойлашган "Ангор карвонсарой" савдо комплексида Сурхондарё вилояти "Камбағалликдан чиқариш маркази"ни ташкил этиш лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур марказга жалб этиладиган камбағал оилалар аъзолари етакчи тадбиркорларга бириктирилиб, "соҳа билимлари – инфратузилма – ишлаб чиқариш – даромад" тамойили асосида ўқитилади. Шунингдек, марказ фаолияти доирасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар билан ҳам танишилди.
Вилоят раҳбари тақдим этилган лойиҳалар юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар бериб, йил якунига қадар "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури доирасида белгиланган режаларнинг тўлиқ ижросини таъминлаш, белгиланган мақсадларга эришиш вазифаларини топширди.






