Янги йилга туҳфа: "Яшил дунё" марказий деҳқон бозорида янги савдо мажмуаси ишга туширилди
2025-12-21 18:05:00 / Янгиликлар

Бозор ва савдо марказларида сотувчи ҳамда харидорлар учун қулай, тартибли ва хавфсиз шарт-шароитлар яратиш, аҳолини зарур имкониятлар билан таъминлаш мақсадида ҳудудларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу вазифалар доирасида бугун Термиз шаҳридаги "Яшил дунё" марказий деҳқон бозори ҳудудида барча замонавий талабларга жавоб берадиган янги савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди. Унда аҳоли учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари Янги йил байрами муносабати билан арзонлаштирилган нархларда сотувга чиқарилди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, аҳолини Янги йил байрами билан табриклади ҳамда болажонларга байрам совғалари топширди.
Шунингдек, "Зоом" платформаси орқали туманлардаги ярмаркалар фаолияти юзасидан масъуллар билан мулоқот ўтказилиб, Янги йил байрами муносабати билан арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари сотувини сифатли, эҳтиёжларга мос ва етарли ҳажмда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур йўналишда масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.








