Сурхондарёнинг туризм ва инвестициявий салоҳияти "CИТМ–2025" халқаро туризм ярмаркасида кенг намойиш этилди
2025-12-22 15:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 19-21-декабр кунлари Хитой Халқ Республикасининг Хайко шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли "CИТМ–2025" халқаро туризм ярмаркасида Сурхондарё вилояти делегацияси фаол иштирок этди.
Дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан туризм соҳаси вакиллари иштирок этган мазкур халқаро майдонда Сурхондарё вилоятининг бой туризм ҳамда инвестициявий салоҳияти кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Ярмарка доирасида вилоятнинг тарихий-маданий мероси, муқаддас зиёратгоҳлари, экотуризм, шунингдек, соғломлаштириш ва дам олиш туризми йўналишларидаги имкониятлари кенг тарғиб қилинди.
Тадбир давомида Сурхондарё вилояти делегацияси томонидан хорижий туркомпаниялар ва туризм ассоциациялари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиб, вилоятга сайёҳлар оқимини ошириш, қўшма туристик маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан қатор келишувларга эришилди.
Маълумот ўрнида, "CИТМ" халқаро туризм ярмаркаси жаҳон туризм бозори иштирокчиларини бирлаштирувчи нуфузли платформа ҳисобланади. Ушбу ярмаркада иштирок этиш Сурхондарё вилоятининг халқаро туризм харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг умумий туризм ва инвестициявий салоҳиятини кенг жамоатчиликка тарғиб этишга хизмат қилмоқда.









