Термизда ўқув-симулятсия маркази ҳамда саккизта туманда тез тиббий ёрдам бўлимларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди
2025-12-17 18:50:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига сифатли ва кафолатланган тиббий хизматлар кўрсатишга қаратилган қарорлари ижроси доирасида соҳада қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бугун Ўзбекистон Республикаси Тез тиббий ёрдам маркази ҳамда Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (КОФИҲ) ҳамкорлигида амалга оширилаётган "Ўзбекистонда шифохонагача тез тиббий ёрдам хизмати салоҳиятини ошириш" дастури доирасидаги грант лойиҳаси асосида Республика тез тиббий ёрдам марказининг Сурхондарё вилояти филиалида тез тиббий ёрдам ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашга мўлжалланган ўқув-симулятсия маркази фойдаланишга топширилди.
Тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Республика тез тиббий ёрдам маркази директорининг ўринбосари Нозимжон Далибоев, соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари ва масъул ходимлар иштирок этди. Шунингдек, видеоконференсалоқа орқали саккизта туманда янгидан барпо этилган тез тиббий ёрдам бўлимлари бинолари ҳамда вилоят филиали учун "Форд" русумидаги тўртта замонавий тез тиббий ёрдам автомашиналари фойдаланишга топширилди.
Вилоят раҳбари ўқув-симулятсия марказида яратилган шарт-шароитлар, замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва ўқув жиҳозлари билан танишиб, соҳа мутахассисларининг касбий салоҳиятини оширишда марказнинг аҳамияти муҳимлигини таъкидлади.
Ҳозирда вилоятда тез тиббий ёрдам тизимида 228 та бригадада 5 172 нафар ходим фаолият юритмоқда. Эндиликда улар ушбу марказда доимий равишда малака ошириш имкониятига эга бўладилар.
Ўқув-симулятсия марказида машғулотлар ўтказиш учун филиалдан тўрт нафар инструктор Корея Республикасида махсус қайта тайёрлов курсларидан ўтказилди. Тадбир давомида тез тиббий ёрдам тизимида амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги режалар ҳамда филиал фаолиятини рақамлаштиришга оид тақдимотлар намойиш этилди.
Шу билан бирга, ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини янада рақамлаштириш мақсадида 831 дона компютер жамланмалари топширилди.









