Шерободда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари ўрганилди
2025-12-16 22:05:00 / Янгиликлар

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Сурхондарё вилоятида ҳам амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Шеробод тумани Учёғоч маҳалласида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Ўрганишлар давомида аввал ягона ижтимоий реестрда бўлган, ҳозирда эса тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ишсиз хотин-қизларни тикувчиликка ўргатиш курсини ташкил этган Наргиза Турсоатованинг ўқув маркази фаолияти кўздан кечирилди. Шунингдек, уй шароитида консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариш орқали хотин-қизларни даромадли қилишга қаратилган лойиҳа билан танишилди.
Бандлик соҳаси мутасаддиларига тадбиркор аёл билан ҳамкорликда тўлов асосида 100 нафарга яқин ишсиз хотин-қизларни касбга ўқитиш ҳамда шу орқали тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Шунингдек, ягона ижтимоий реестрга киритилган оилани камбағалликдан чиқариш, маҳаллани ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган лойиҳалар ижроси ҳам ўрганилди. Ташриф давомида вилоят раҳбари Янги йил байрами муносабати билан болаларга совғалар топширди.
Бундан ташқари, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида фаолиятини йўлга қўйган "Учёғоч пошхурт" МЧЖнинг полиетилен қувурлар ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда "Тошпўлатов Жўраниёз" фермер хўжалигининг чорвачилик комплекси фаолияти билан танишилди.
Ўрганишлар якунида маҳаллада тадбиркорликни янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.









