Боғча ва турар жойлар қурилиши ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича тақдимот ўрганилди
2025-12-15 14:25:00 / Янгиликлар

Қиш мавсумида аҳолини фавқулодда вазиятлар, хусусан, ёнғин ва ис газидан ҳимоя қилиш, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Сурхондарё вилоятининг барча ҳудудларида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов қиш мавсумига тайёргарлик доирасида куч тузилмалари ва коммунал хизматлар ихтиёридаги махсус техникаларнинг шайлигига бағишланган тақдимот билан танишувдан сўнг, кўп қаватли турар жойларда фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда махсус техникалар ҳамда аҳолини эвакуатсия қилиш учун эркин ҳаракатни таъминлаш ҳолатини ўрганди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти томонидан мавжуд тўсиқлар, уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда фавқулодда вазиятларда қуйи тизим ташкилотларининг ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш масалалари юзасидан ахборот берилди.
Шунингдек, турар жойларда бошқарув сервис компаниялари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати кўздан кечирилди. Лифтлар ва бошқа умумфойдаланувдаги жиҳозларнинг ҳолати, шунингдек, ҳудуд атрофининг ободонлаштирилиши ўрганилди. Аниқланган камчиликлар масъулларга кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шундан сўнг, 19-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 280 ўринли биносини реконструксия қилиш, "Аму соҳиллари" маҳалласида 31 та кўп қаватли турар жой барпо этиш, улар атрофида зарур инфратузилмани яратиш ҳамда Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази вилоят филиали учун қўшимча бинолар қуриш ишлари ўрганилди. Ушбу лойиҳалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.









