Сурхондарё делегацияси Шероз шаҳридаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишди
2025-12-12 17:50:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти делегацияси Форс вилоятига амалий ташрифи доирасида Шероз шаҳридаги қатор йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишиб, ўзаро музокара ва учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда делегация аъзоларига ҳудуднинг саноат салоҳияти, ишлаб чиқариш имкониятлари ва мавжуд экспорт йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Хусусан, делегация аъзолари электр узатиш ускуналари ва тизимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Нироу Транс” корхонаси, саноат ва қурилиш соҳалари учун бўёқлар тайёрловчи “Мешкат Паинт” компанияси, саноат ёпишқоқ моддалари ва резина қопламалари ишлаб чиқарувчи “Абноос” корхонаси, лазер технологиялари ва саноат ускуналарини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Ариа Ласер Садр Парс” корхонаси ҳамда композит қувурлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Фарапох” корхонаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида ишлаб чиқариш жараёнлари, қўлланилаётган технологиялар, маҳсулот турлари ва экспорт имкониятлари бўйича тақдимотлар ўтказилди. Томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, савдо алоқаларини йўлга қўйиш, шунингдек, қўшма саноат ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ўзаро манфаатли йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида келишувга эришилди.





