"Яшил белбоғ" лойиҳаси ижроси ўрганилди
2025-12-11 16:05:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятида экологик барқарорликни таъминлаш, чанг массали шамолларнинг аҳоли саломатлиги ва ҳаво тозалигига салбий таъсирини камайтириш мақсадида М-39 халқаро автомагистрали атрофида 220 гектар майдон тайёрланиб, 16 миллиондан ортиқ дарахт кўчатлари экиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Ангор туманида ушбу вазифалар ижросини ўрганиб, масъуллар билан лойиҳанинг амалга оширилиши жараёнини муҳокама қилди. Учрашувда ҳудуддаги зовурларни тозалаш, кўчат экиш учун хандақ қазиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида шўр ювиш тадбирлари бўйича масъулларнинг ахборотлари тингланди.
Вилоят раҳбари куни кеча олимлар томонидан танлаб олинган майдонларда ўтказилган илмий ўрганишлар натижалари бўйича тақдим этилган таклиф ва тавсиялар асосида дарахт кўчатлари турларини тўғри танлаш, уларни мақбул муддатларда экиш ҳамда парваришлаш ишларини илмий асослар билан амалга ошириш вазифаларини белгилаб берди.





