Ҳудудларда яшил белбоғ ва яшил майдонлар яратиш ишлари ижроси ўрганилди
2025-12-01 19:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти ҳудудлари марказларида яшил майдонлар яратиш, автомагистрал йўли бўйлаб яшил белбоғлар барпо этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар ҳудудларнинг экологик барқарорлигини таъминлаш ҳамда атмосфера ҳавоси тозалигини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилмоқда.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Ангор тумани марказига кириш йўли, М-39 йўлининг Шеробод туманидан ўтган қисми ва бошқа ҳудудларда яшил майдонлар яратиш вазифалари ижросини ўрганди.
Хусусан, Шеробод туманида автомагистрал йўли бўйлаб яшил белбоғ яратиш лойиҳасига старт берилиб, дарахт кўчатлари экилди. Масъулларга ҳар бир ҳудудда кўчат экиш, яшил майдонлар яратиш, уларни парваришлар ишларини тизимли ва сифатли ташкил этиш топширилди.
Шундан сўнг, Термиз ва Ангор туманлари туташган ҳудудда ташкил этилаётган майдонда "Метанчилар боғи" яратиш ташаббуси юзасидан ёқилғи қуйиш шохобчалари эгалари билан учрашув ўтказилди. Вилоят раҳбари ташаббусни қўллаб-қувватлаб, тадбиркорларга экологик барқарорликни таъминлашдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.
Мутасаддиларга ташаббусни амалга ошириш учун ер майдони ажратиш ҳамда экилган кўчатларни суғориш учун сув етказиб бериш ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилиш вазифаси юкланди.









