Термиз шаҳрида туризм обектлари ва инфратузилмаси ҳолати ўрганилди
2025-11-28 18:50:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш, замонавий инфратузилма яратиш, хизмат кўрсатиш ва сервис сифатини ошириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоят маркази — Термиз шаҳрида замонавий шаҳарсозлик талабларигамос туризм обектлари, хизмат кўрсатиш масканлари ва меҳмонхоналар барпо этилмоқда.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳрида амалга оширилаётган ушбу вазифалар ижросини ўрганди. Жумладан, "Универсал аргалит" МЧЖ томонидан қурилаётган уч юлдузли меҳмонхона лойиҳаси кўздан кечирилиб, ўтган ҳафта берилган топшириқлар ижроси юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди.
Шунингдек, ушбу ҳудуддаги бўш ва фойдаланилмаётган 11 гектар майдонда туризм комплекси ҳамда ишлаб чиқариш зонасини ташкил этишга оид лойиҳалар муҳокама қилинди. Кўчмас мулк обектлари эгалари иштирокида лойиҳалар атрофлича кўриб чиқилиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.
Масъулларга тадбиркорлар ва маҳалла аҳолисининг фикрларини инобатга олган ҳолда лойиҳаларни такомиллаштириш, мавжуд темир йўл ва бошқа инфратузилма имкониятларидан самарали фойдаланишни таъминлаш вазифалари юклатилди.
Шунингдек, Жаҳон банки иштирокида Бойсун туманидаги Омонхона туризм қишлоғини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа тақдимоти ўтказилди. Вилоят ҳокими лойиҳа билан танишиб, инфратузилмага оид масалаларни батафсил ўрганиб, такомиллаштириш бўйича топшириқ берди. Хусусан, ҳудудга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун янада қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш белгиланди.
Шундан сўнг, шаҳарда амалга оширилаётган бошқа туризм лойиҳалари ижроси ҳам кўриб чиқилиб, қурилиш жараёнларини жадалтириш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича қўшимча вазифалар берилди.






