Ўзбекистон ва Мўғулистон қўшма иқтисодий комиссиясининг биринчи йиғилиши
2025-02-10 09:30:00 / Янгиликлар

Дастлаб икки давлат делегациялари раҳбарларининг: Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Мўғулистон томонидан Давлат Буюк Хурали аъзоси, Ҳукумат аъзоси, Бош вазир ўринбосари Саинбуян Амарсаиханларнинг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилиб, ўзаро савдо кўрсаткичлари, сармояларни жалб этиш ва саноат кооперацияси бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинди.
Хусусан, Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йил якунига кўра қарийб 50 фоизга ошгани, жорий йилда ҳам ижобий тендентсия барқарор сақланиб қолаётгани қайд этилди.
Енгил автомобиллар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва электр жиҳозлари етказиб беришда сезиларли ўсиш кузатилди.
Айни пайтда Мўғулистон компаниялари Ўзбекистон ҳудудларида чорвачилик, геология, молия ва тиббиёт соҳаларида лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Томонлар келгусидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб, Ўзбекистон Республикаси ва Мўғулистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 1-йиғилиши доирасида музокараларни давом эттирдилар.
Йиғилишда тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарларининг амалдаги келишувлар ижроси юзасидан ҳисоботлари тингланди. Лойиҳаларнинг ҳар бир босқичи атрофлича таҳлил қилиниб, уларни муваффақиятли амалга оширишни жадаллаштириш бўйича самарали ечимлар ишлаб чиқилди, муддатлар ҳамда масъул шахслар белгилаб олинди.
Тадбирлар дастури икки мамлакатнинг 150 дан ортиқ йирик компаниялари раҳбарлари иштирокидаги бизнес-форум ва ишбилармонлар кенгашининг таъсис йиғилиши билан давом этди.
Форумда Мўғулистон томонидан Dornod meat market, Sodon Oil Trade, IATA, MONGOL BAZALT, Tsaramtainarvai, Ikh Dodizul Energy, Azipharma, Jargalant, Kapitron Bank, Mandal insurance суғурта ва бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ўз қутлов сўзида ишбилармон доиралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш, минтақавий бозорлар сиғими ва транспорт-логистика имкониятларини чуқур таҳлил қилиш асосида савдо алоқаларини тубдан кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Бизнес-форумда Ўзбекистон ҳудудлари ва иқтисодиёт тармоқлари имкониятлари, тоғ-конь саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм, энергетика ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича аниқ инвестиция ташаббуслари ва лойиҳалари тақдим этилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда тадбиркорларнинг қулай фаолият юритиши, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун яратилган шарт-шароитлар, мамлакатимиз сармоявий ва саноат салоҳиятининг муҳим жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.
Дастур B2B ва B2G учрашувлари билан давом этди. Унда тадбиркорлар янги, фойдали алоқалар ўрнатишлари ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳалар ва савдо келишувларини биргаликда амалга ошириш тафсилотларини муҳокама қилишди.
Тадбирлар якунлари бўйича Ўзбекистон-Мўғулистон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 1-мажлиси баённомаси ҳамда бир қатор икки томонлама шартномалар, жумладан, Тошкент давлат аграр университети ва Мўғулистон ҳаёт фанлари университети ўртасида таълим соҳасига оид келишувлар имзоланди.