Москвада МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
2024-12-12 16:30:00 / Янгиликлар
Мажлисда Озарбайжон Республикаси Бош вазири А.Асадов, Беларусь Республикаси Бош вазири Р.Головченко, Қозоғистон Республикаси Бош вазири О.Бектенов, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси М.Мишустин, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси А.Жапаров, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қ.Расулзода, Арманистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М.Григорян, Туркманистоннинг МДҲ тузилмаларидаги доимий вакили Н.Шакулиев, МДҲ бош котиби С.Лебедев иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ўз нутқида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг МДҲдаги ҳамкорлар билан савдо алоқаларини янада эркинлаштириш ва ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.
Шу маънода, Ҳамдўстлик ҳудудидаги эркин савдо зонасининг истисно ва чекловларсиз тўғри ҳамда самарали фаолият юритишини таъминлаш бўйича ҳамкорликдаги ишларни фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Айрим хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан қўлланиладиган тариф ҳамда нотариф чораларни бекор қилиш таклиф қилинди.
Халқаро транспорт йўналишларини ривожлантиришга янги суръат бағишлаш, “Шимол-Жануб” ва “Шарқ-Ғарб” транспорт-логистика лойиҳаларини изчил амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш муҳим аҳамиятга эгалиги билдирилди.
2024 йилда МДҲнинг Маданий пойтахти Самарқанд ва ёшлар пойтахти Тошкент шаҳарлари тадбирлари муваффақиятли амалга оширилишида яқиндан қўллаб-қувватлагани ҳамда фаол иштирок этгани учун ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдирилди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, таълим йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу жумладан, келгуси йилда фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 80 йиллигини муносиб нишонлаш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Мажлис сўнгида 18 та ҳужжат қабул қилинди, жумладан:
- транспорт комплексини рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик меморандуми;
- гуманитар ҳамкорлик соҳасида 2025-2026 йиллар учун устувор тадбирлар режаси;
- ер ости сувларини ўрганиш, ундан фойдаланиш, муҳофаза ва мониторинг қилиш соҳаларида 2030 йилга қадар ҳамкорликни ривожлантириш дастури ҳамда уни амалга ошириш режаси;
- 2025 йилга ташкилотнинг ягона бюджети ва молиялаштириш масалалари бўйича алоҳида қарор ва бошқалар.
Россияга ташриф доирасида МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарлари Бауман номидаги Москва давлат техника университетининг реконструкция қилинган кампусини кўздан кечирди ва университетдаги сўнгги ишланмалар билан танишди.