
Ташқи сиёсат ва Хавфсизлик

Саидов Бахтиёр Одилович
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири

Генерал-лейтенант Халмухамедов Шуҳрат Ғайратжонович
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири

Генерал-майор Икромов Aзизбек Исраилович
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири

Ташпулатов Азиз Анварович
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири
Ўзбекистон Республикаси ўз миллий манфаатларига асосланган ҳолда очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб боради. Республиканинг замонавий ташқи сиёсий курси дунёда ва минтақада шиддат билан ўзгараётган вазият, ҳамда мамлакатнинг ичидаги кенг кўламли ўзгаришларга асосланиб шаклланади.
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг бош мақсади – давлат мустақиллиги ва суверенитетини, халқаро майдондаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, республиканинг ташқи иқтисодий манфаатларини фаол тарзда илгари суриш.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси дунёнинг 159 та давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Тошкентда 47 та чет эл элчихоналари, 3 та бош консуллик, 13 нафар фахрий консуллар, 26 та халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, 28 та хорижий халқаро ҳукуматлараро ва ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналари, 1 та савдо ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.
Хорижий мамлакатларда ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг 60 та дипломатик ва консуллик ваколатхоналари мавжуд. Ўзбекистон 100 дан ортиқ халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлиб, мамлакатимиз турли хил кўп томонлама ҳамкорлик тузилмалари билан ўзаро шерикчилик алоқаларини ривожлантиради.
Ўтган йилларда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Миллий армиямиз замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-руҳий тайёргарлик даражаси изчил ошириб борилмоқда, мудофаа саноатининг салоҳияти мустаҳкамланмоқда.
Мудофаа вазирлиги қўшинларида янги тактик усуллар жорий этилиб, машғулотлар сони ва шиддати 1,5 баробарга оширилди, учувчисиз учиш аппаратлари бўлинмалари ва мутахассислар тайёрлаш марказлари ташкил этилди.
Армияни рақамлаштириш бўйича бошланган ишлар натижасида ахборот хавфсизлиги, бошқарув ва кўрсатилаётган хизматлар самарадорлиги сезиларли даражада ошди.
Ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга устувор эътибор қаратилмоқда. Ҳарбий таълим тизими тубдан янгиланиб,малакали профессор-ўқитувчи ва инструкторлардан иборат Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди. Таълим жараёнига ўқитишнинг илғор рақамли технологиялари, жумладан, сунъий интеллектга асосланган ва замонавий баҳолаш тизимлари жорий этилгани ҳарбий кадрлар тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқди.

